Жаҳон | 22:35 / 23.11.2024
2768
2 дақиқада ўқилади

Францияда депутатларнинг Telegram аккаунтлари бузиб кирилгани юзасидан тергов бошланди

Фото: Hans Lucas/Magali Cohen/AFP via Getty Images

Париж прокуратурасининг кибержиноятчиликка қарши курашиш бўлими Франция Миллий ассамблеяси (парламент қуйи палатаси) депутатларининг Telegram аккаунтлари бузиб кирилгани эҳтимоли юзасидан тергов бошлади.

«Париж прокуратурасининг кибержиноятчиликка қарши курашиш бўлими парламент аъзоларининг Telegram аккаунтлари бузиб кирилгани эҳтимоли юзасидан тергов бошлади», — дейилади хабарда.

Прокуратурадагилар иш Франция Кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармасига топширилганини тасдиқлади.

Аввалроқ бир қатор француз депутатларининг Telegram аккаунтлари бузиб кирилгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Қонун чиқарувчи орган вакиллари зарарли ҳаволалар устига босиб, ўз телефон рақамларини киритишган ва натижада, мессенжердаги аккаунт зарарли хабарларни юборишда фойдаланилган бўлиши мумкин.

Миллий Ассамблея ахборот хавфсизлиги хизмати 20 ноябр куни депутатларга огоҳ бўлишларини илтимос қилиб, мактуб йўллаган. Парламентарийларга, шунингдек, икки марталик ҳимоя тизимини ёқиш ва паролни ўзгартириш тавсия қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Telegram асосчиси Павел Дуров август ойи охирида Париж аэропортида ҳибсга олинган эди. У мессенжерни етарлича модерация қилмаганликда гумон этилмоқда. Жандармерия маълумотларига кўра бу ва унинг ҳамкорлик қилишдан бош тортиши уни болалар порнографияси, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни тарқатишда шерик қилади. Кейинроқ Дуров 5 миллион евро гаров ва ҳафтасига икки марта полиция бўлимига хабар бериш мажбурияти эвазига озод қилинди.

23 сентябр куни Дуров Telegram асосли қонуний талабларга жавобан ҳуқуқ-тартибот идораларига қонун бузган шахсларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамларини ошкор қилиши мумкинлигини айтди. Шунингдек, ноқонуний контент устидан шикоят қилиш имконини берувчи @SearchReport бот ишга туширилди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид