Жаҳон | 19:14 / 23.11.2024
3735
3 дақиқада ўқилади

Полшалик фермерлар Украина билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктини тўсиб қўйди

Намойишчилар Украинадан келаётган оғирлиги 3,5 тоннадан ошувчи юк машиналари ҳаракатини тўлиқ тўсиб қўйиб, Украинага эса ҳар соатда биттадан юк машинасини ўтказиб юбормоқда.

Фото: РБК-Украина

Полшалик фермерлар Украина билан чегарада жойлашган Медика — Шегини назорат-ўтказиш пунктидан ўтувчи йўлни юк машиналари ҳаракати учун тўсиб қўйди. Бу ҳақда Украина Давлат божхона хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, намойишчилар Украинадан келаётган оғирлиги 3,5 тоннадан ошувчи юк машиналари ҳаракатини тўлиқ тўсиб қўйган, Украинага эса ҳар соатда биттадан юк машинасини ўтказиб юбормоқда. Акция иштирокчилари автобуслар ва енгил машиналар ҳаракатига тўсқинлик қилмаяпти. «Укринформ» агентлигига кўра, 30 га яқин одам 28-рақамли йўлнинг Украина билан чегарага элтувчи пиёдалар ўтиш қисмида Полша байроғини кўтарган ҳолда ҳаракатланмоқда.

Украина Давлат чегара хизмати маълумотларига кўра, намойишлар 48 соат давом этиши эълон қилинган. Божхона хизмати поляклар чегара пунктини йил охирига қадар тўсиб қўйиш ниятида эканидан огоҳлантирди.

Янги норозилик намойишларининг икки сабаби

Бу сафар полшалик фермерлар норозилик намойишларини икки сабабга кўра ўтказмоқда — улар бевосита Украинага боғлиқ эмас. Биринчиси бу — 2024 йилда қишлоқ хўжалиги солиқларини 2023 йилги даражада сақлаб қолиш талаблари бажарилмагани. Иккинчиси — Европа Иттифоқи томонидан Жанубий Америка давлатлари — Бразилия, Аргентина, Парагвай ва Уругвай билан эркин савдо тўғрисида битим имзоланишига оид хавотир. Фермерлар солиқларни оширмаслик ва битим имзоланмаслигини талаб қилмоқда.

Украина билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари биринчи марта 2023 йил 6 ноябрда тўсиб қўйилганди. Ўшанда поляклар украиналик юк ташувчилар учун тижорий рухсат жорий этиш ва уларнинг сонини чеклашни талаб қилган эди. 27 ноябрда намойишчиларига «Алданган қишлоқ» ташкилотининг фермерлари ҳам қўшилиб, Шегини — Медика назорат-ўтказиш пунктида транспорт воситалари ҳаракати чекланганди. Фермерларнинг норозилигига нафақат солиқлар оширилгани ва субсидиялар қисқаргани, балки Еврокомиссия Украина ғалласига қўйилган савдо тақиқини олиб ташлагани ҳам сабаб бўлган.

Полшалик фермерлар Украина билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктини апрел охири вақтинча тўхтатиб, июн бошида бир неча кунга қайта тиклаган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид