Жаҳон | 10:37
1271
3 дақиқада ўқилади

Суд Трампнинг Сторми Дэниэлсга тўловлари бўйича иш юзасидан қарорни кечиктирди

Трампнинг адвокатларига кўра, Сторми Дэниэлсга тўловлар бўйича иш ёпилиши керак, чунки республикачи АҚШ президенти этиб қайта сайланган. Прокуратура уни тўрт йилга кечиктиришни сўрамоқда.

Фото: AFP

Ню-Йорк штати суди АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампга нисбатан сиёсатчи сайловолди ташвиқоти жамғармаси ҳисобидан собиқ актриса Сторми Дэниэлсга тўловлар иши бўйича ҳукм чиқаришни номаълум муддатга қолдирди. Судя Хуан Мерчаннинг қарори 22 ноябр, жума куни штат суд тизимининг веб-сайтида эълон қилинди.

Кечиктиришга Трампнинг адвокатидан ҳам, унинг иши бўйича прокурордан ҳам илтимосномалар келиб тушгани сабаб бўлди, деди Мерчан. Округ прокурори ҳукмни бошқа муддатга ўтказишни сўради, бироқ судя бу сана бўйича тафсилотларини келтирмади. Сиёсатчининг ҳимояси судга қўшимча ҳужжатлар тақдим этмоқчи. Суд Оқ уй собиқ раҳбарининг адвокатларига 2 декабргача муҳлат берди, шундан сўнг айблов томони ҳимоячиларнинг важларига жавоб бериши керак – 9 декабргача.

Дастлаб Трампга бир неча йиллардан бери чўзилиб келаётган иш бўйича ҳукм чиқарилиши керак бўлган мажлис 26 ноябр куни бўлиб ўтиши керак эди. Мерчан якуний суд мажлисининг янги санасини маълум қилмади.

Собиқ модел Трампни тегажоғликда айблади

Собиқ модел Стейси Уилямс АҚШ президентлигига номзод Доналд Трампни тегажоғлик қилганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, бу 1993 йилда содир бўлган, деб ёзди The Guardian.

Уилямс 1990-йилларда модел сифатида ишлаган. 1993 йилда у дўсти Жеффри Эпштейн билан Трампнинг уйига борган. Уилямс сўзларига кўра, шу ерда Трамп унга тегажоғлик қилган. «У мени ўзимни жирканч ҳис қилишга мажбур этди ва мен бутунлай саросимага тушганимни эслайман», деди Уилямс.

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампни тегажоғлик қилганликда биринчи марта айбланаётгани йўқ. Хусусан, 2023 йил май ойида Манҳэттен федерал суди ҳакамлар ҳайъати Трампни журналист ва ёзувчи Жин Кэрроллга жинсий зўравонлик қилганликда айбдор деб топди. Ҳакамлар ҳайъати Трамп Кэрроллни зўрлаганига ишонмади, лекин унга қарши «жинсий ҳаракатлар» қилган деган қарорга келди. Трампнинг ўзи бу айбловларни рад этиб, Жин Кэрроллни танимаслигини айтди.

Мавзуга оид