Жаҳон | 07:54 / 23.11.2024
2887
3 дақиқада ўқилади

Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади

Жаҳон банки Киевга яна 4,8 миллиард доллар ажратади, деди Украина бош вазири Денис Шмихал. Умуман олганда, уруш бошланганидан бери мамлакатга 100 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатилган.

Фото: Getty Images

Украина PEACE лойиҳаси доирасида Жаҳон банкидан яна 4,8 миллиард доллар олади. Бу ҳақда 22 ноябр, жума куни бош вазир Денис Шмихал X ижтимоий тармоғидаги аккаунтида маълум қилди. «Биз ушбу ёрдамни молиялаштириб, мамлакатимиз ва халқимизга ўта муҳим ёрдам кўрсатаётган Қўшма Штатлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлардан жуда миннатдормиз», — дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, dpa агентлигининг қайд этишича, Россия босқини бошидан бери Украина фақат бюджет харажатлари учун иттифоқчиларидан 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ олган. Маблағларнинг салмоқли қисми кредитлар кўринишида берилди.

ЕИ давлатлари АҚШ ёрдами қисқарса ҳам Киевни қўллаб-қувватлашга тайёр

Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиётлари – Германия, Франция, Италия ва Испания, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Буюк Британия АҚШнинг Киевни қўллаб-қувватлаши қисқариши эҳтимоли фонида Украинага ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ҳарбий ва молиявий юкни ўз зиммасига олишга тайёр. Бу ҳақда 19 ноябр куни Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Варшавада юқоридаги давлатлар ташқи ишлар вазирлари, ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили лавозимида Жозеп Боррелни алмаштириши керак бўлган эстониялик Кая Каллас иштирокидаги учрашув якунлари бўйича журналистлар билан суҳбатда маълум қилди. 

«Мен Европа Иттифоқининг энг йирик давлатлари АҚШнинг иштироки қисқариши (Киевни қўллаб-қувватлашда) муносабати билан Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам юкини ўз зиммасига олишга тайёрлигини ҳурмат билан эътиборга оламан», — дея AFP Полша ташқи ишлар вазирлиги раҳбаридан иқтибос келтирмоқда.

Германия, Франция, Италия ва Полша ташқи ишлар вазирларининг Варшавадаги учрашуви Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши бошлангани 1000 кунлигига тўғри келди. Ушбу тадбирдаги муҳим мавзу Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ривожи ҳам бўлди. Муҳокамаларга Испания ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари онлайн тарзда қўшилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид