Жаҳон | 14:57
2006
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Медведчук, Басков ва Киркоровни давлат мукофотларидан маҳрум қилди

Киевда давлат мукофотларидан маҳрум этилган «Украина хоинлари»нинг биринчи рўйхати эълон қилинди. Унда 34 киши, жумладан, собиқ Украина давлат арбоблари ва Россия артистлари бор.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский 34 кишини – Украинанинг собиқ амалдорлари ва собиқ депутатлари, шунингдек, россиялик сиёсий, диний ва маданият арбобларини давлат мукофотларидан бутунлай маҳрум қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Шу тариқа у Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг (МХМК) қарорини кучга киритди, деб хабар қилди Украина президенти девони 22 ноябр, жума куни.

Фигурантлар рўйхати

Рўйхатга киритилганлар орасида Олий рада собиқ депутати ва Россия президенти Владимир Путиннинг яқин сафдоши Виктор Медведчук, собиқ бош прокурор Виктор Пшонка, Украина собиқ бош вазири Николай Азаров, собиқ таълим ва фан вазири Дмитрий Табачник бор. Бундан ташқари, рўйхатда «Минтақалар партияси» раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари Александр Ефремов ва Украина бош прокурори собиқ биринчи ўринбосари Ренат Кузмин ҳам бор.

Рус православ черкови (РПЧ) раҳбари Патриарх Кирилл 1-даражали княз Ярослав Мудрий орденидан маҳрум этилди. Россиялик ижрочилар Николай Басков, Филипп Киркоров, Александр Малинин, бастакор Игор Крутойдан «Украина халқ артисти» унвони, хонандалар Ани Лорак ва Таисия Повалидан эса «Украинада хизмат кўрсатган артист» унвони олиб қўйилди, дейилади хабарда.

Зеленский элчихоналар ёпилиши фонида хотиржамликка чақирди

Бир қатор Европа давлатлари, шунингдек, АҚШ ва Канада 20 ноябр куни Киевдаги элчихоналари фаолиятини тўхтатганини эълон қилганидан сўнг, Украина президенти Володимир Зеленский шу куни кечқурун анъанавий мурожаатида ватандошларига «баъзи ваҳима хабарлар тарқалиши фақат Россияга фойда келтириши»ни таъкидлади.

Шунингдек, 20 ноябр оқшомида АҚШнинг Киевдаги элчихонаси сайтида Америка дипломатик миссияси «ҳаво ҳужуми эҳтимоли юқорилиги ҳақидаги хабарлар туфайли 20 ноябр куни иш вақтини вақтинча ўзгартиргани» ҳақида пресс-релиз эълон қилинди. «Элчихона очиқ ва ўз фаолиятини давом эттирмоқда», — дейилади баёнотда.

Канада ҳукумати веб-сайтида айтилишича, мамлакатнинг Киевдаги элчихонаси «хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли» шахсий хизмат кўрсатишни вақтинча тўхтатган.

Португалия, Испания, Греция ва Италия ҳам 20 ноябр куни Украина пойтахтида иш вақтинчалик тўхтатилиши ҳақида хабар берди. Германия ТИВ веб-сайтида Германиянинг Киевдаги элчихонаси консуллик ишларини чекланган даражада амалга ошираётгани қайд этилган.

Мавзуга оид