Жаҳон | 18:15 / 24.11.2024
2689
2 дақиқада ўқилади

Британия қиролининг Лондондаги қароргоҳи таъмирлаш ишлари туфайли уч йилга ёпилади

Букингдем саройини таъмирлашга қарийб 462 миллион доллар сарфланади. Реконструкция давомида давлат тадбирлари Виндзор саройида ўтказиб турилади.

Фото: AP

Британия монархларининг Лондондаги қароргоҳи ҳисобланувчи Букингем саройи реконструкция ишлари сабаб жорий йилнинг декабр ойидан бошлаб 2027 йилгача ёпилади, деб хабар беради The Times газетаси.

Маълумотларга кўра, саройни таъмирлаш ишларига қарийб 462 миллион доллар сарфланади. Реконструкция давомида давлат тадбирлари Виндзор саройида ўтказиб турилади. Аммо Чарлз III саройнинг шимолий қанотидаги хонасини ўз маблағларидан таъмирлашга қарор қилган. Қолган маблағлар давлат ғазнасидан ажратилади

Таъкидланишича, таъмирлаш ишларидан кейин Буюк Британия қироли Чарлз III саройга кўчиб ўтмайди, балки Лондондаги Кларенс-ҳаус қароргоҳида қолади.

The Times’нинг эслатишича, Британия оммавий ахборот воситалари 2017 йилдаёқ Чарлз III Букингем саройидан қироллик қароргоҳи сифатидан воз кечишни режалаштиргани ҳақида ёзган. Монархга тож кийдирилганидан кейин сарой Чарлз III қароргоҳи бўлиб қолиши айтилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил май ойида Вестминстер аббатлигида Чарлз III га Буюк Британия ва Ҳамдўстликнинг бошқа давлатлари қироли сифатида тож кийдириш маросими бўлиб ўтган. Натижада, 2022 йил 8 центабрда расман тахтга ўтирган Чарлз III давлат бошлиғига айланган ҳамда мамлакат қонунларини ва ўзи олий ҳукмдори саналувчи Англикан черковини ҳимоя қилишга қасамёд келтирган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид