Жаҳон | 19:58
1642
2 дақиқада ўқилади

Эрон уранни бойитувчи илғор центрифугалардан фойдаланишни бошлаганини эълон қилди

Эрон буни Халқаро атом энергияси агентлиги мамлакатга қарши резолюция қабул қилганига жавобан амалга оширди.

Фото: picture-alliance

Эрон уранни бойитишда қўлланадиган илғор центрифугалардан фойдаланишни бошлади. Бу ҳақда мамлакат парламенти раиси Муҳаммад Бағир Ғолибоф маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати ушбу қадамни Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) Бошқарувчилар кенгаши учрашувида Эронга қарши резолюция қабул қилганига жавобан ташлаган.

Ғолибоф Буюк Британия, Германия, АҚШ ва Франциянинг ёндашувини сиёсийлашган ва бузғунчи деб атади.

МАГАТЭ Бошқарув кенгаши жорий ҳафта Эронни ядровий дастур бўйича агентлик билан тўлақонли ҳамкорлик қилишга нолойиқ дея топган резолюцияни қабул қилган эди. Таъкидланишича, МАГАТЭ Эронни Теҳрон яқинидаги объектларда қайта ишланган уран зарралари нима сабабдан сақланаётганини ишонарли далиллар билан асослашга чақирган.

Бундан ташқари, резолюция Эронни БМТ кузатувчи органини ушбу ядровий материалнинг ҳозирги жойлашуви тўғрисида хабардор қилишга ва МАГАТЭ инспекторларига мамлакатнинг барча ядровий иншоотларига киришни таъминлашга чақиради.

Резолюция, шунингдек, МАГАТЭ бош директори Рафел Гроссидан узоғи билан 2025 йил баҳорига қадар Эрон ядровий дастури бўйича янгиланган баҳолашни тақдим этишни талаб қилади.

Аввалроқ Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаэл Гросси билан учрашганди. Гросси Эронга музокаралар ўтказиш учун келган. У Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи ва Эрон ядровий идораси раҳбари Муҳаммад Ислом билан ҳам учрашувлар ўтказган. 14 ноябр куни МАГАТЭ директори мамлакат ҳудудидаги бир нечта ядровий объектларга ташриф буюриб, Эрон ядровий дастурининг ривожланиши борасидаги тўлиқ картина билан танишганди. Пизишкиённинг сўзларига кўра, Эроннинг ядровий дастури фақат тинчлик мақсадларига қаратилган ва МАГАТЭнинг барча талабларига мос келади.

Шунингдек, МАГАТЭ Бошқарувчилар кенгаши Ғарбнинг Эронга қарши резолюциясини қабул қилмаса, Теҳрон 60 фоизгача бойитилган уран захираларини оширишдан бош тортиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид