Жаҳон | 09:17 / 24.11.2024
6013
3 дақиқада ўқилади

Исроил Байрутга зарба берди. Камида 20 киши ҳалок бўлган

Исроил Ливан пойтахтига йўллаган авиазарбалар оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлиб, 60 дан ортиқ киши тан жароҳати олган. Байрут марказидаги саккиз қаватли уй тўлиқ яксон бўлган, яна атрофдаги бешта бино қисман шикастланган.

Фото: Reuters

Исроил Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи «Ҳизбуллоҳ»га ҳужумларини давом эттирмоқда. Шанба кунги зарбалар нишони гуруҳнинг ташқи хавфсизлик хизмати раҳбари бўлгани айтилмоқда.

Ливан Янгиликлар миллий агентлиги маълумотига кўра, Байрутдаги марказий Баста райони бўйлаб камида бешта ракета учирилган.

Фойдаланилган қуроллар бункерларни ҳам йўқ қилишга мўлжалланган бўлиб, зарба жойида чуқур ўра ҳосил бўлган, деб хабар қилади агентлик.

«Зарба шу қадар кучли эдики, бино бошимиз устига қулайдигандек туюларди», — деган AFP агентлиги билан суҳбатда вайрон бўлган бино яқинида яшовчи 60 ёшли Самир.

Зарба маҳаллий вақт билан эрталабки соат тўрт атрофида берилган.

Самирнинг сўзларига кўра, у рафиқаси ва икки фарзанди билан уйдан чопиб чиққан: «Биз ерда ётган икки жасадни кўрдик... Болалар йиғлай бошлади, уларнинг онаси эса янада қаттиқроқ йиғларди».

Исроиллик ҳарбийлар ҳужум ҳақида олдиндан огоҳлантирмаган ва маҳаллий аҳолини хавфсиз жойларга яширинишга чақирмаган. Бунгача ҳам Исроил «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига алоқадор ҳудудларга огоҳлантиришларсиз ҳужум қилганида гуруҳнинг юқори мартабали аъзоларини нишонга олган бўларди.

Бу сафар ҳам шундай мулозимлардан кимдир ҳалок бўлгани ҳозирча номаълум. Исроил расмий шахслари ҳозирча ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.

Қутқарув хизматлари зарба жойида тозалаш ишларини давом эттирмоқда, шу туфайли қурбонлар сони ортиши мумкинлиги истисно этилмайди. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонлар шахсига аниқлик киритиш учун ДНК тестларидан фойдаланилишини маълум қилган.

Тунги зарба Исроил ҳафта давомида Байрут марказига йўллаган тўртинчи зарба бўлди. Охирги ракета зарбаси ортидан Исроил кучлари Байрутнинг «Ҳизбуллоҳ» таянчи ҳисобланадиган жанубий чеккаларига ҳам зарба беришни давом эттирган. Бу ҳолатда Исроил мудофаа армияси Байрутнинг жанубий ҳудудлари аҳолисига эвакуация ҳақида огоҳлантириш юборган.

Исроил в «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар гуруҳ 2023 йил 8 октябрда, Ҳамас Исроил жанубига ҳужум қилишидан бир кун ўтиб Исроилнинг шимолий ҳудудларига ракета учириши билан бошланганди.

Ушбу қарама-қаршилик 2024 йил 30 сентябрда, Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг қуроллари ва инфратузилмасини йўқ қилиш мақсадида Ливан жанубига бостириб кириши билан (исроиллик ҳарбийлар бу «чекланган, локал ва аниқ мақсадли рейдлар» бўлишини билдирган) янги босқичга чиқди.

Сўнгги ойларда Исроил шиалар гуруҳининг кўплаб кўзга кўринган қўмондонлари, жумладан, унинг раҳбари Ҳасан Насруллоҳни ўлдирди.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2023 йил октябридан буён Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли камида 3645 нафар ливанлик ҳалок бўлган, бу ўлим ҳолатларининг аксари 2024 йил сентябрига тўғри келади.

Мавзуга оид