Жаҳон | 14:48 / 24.11.2024
3090
2 дақиқада ўқилади

Лондон ЕИ билан муносабатларни тиклаш учун музокарачи қидирмоқда

Буюк Британия ҳукуматида янги вакансия очилди: Европа Иттифоқи билан музокараларда мамлакатнинг расмий вакили бўладиган дипломат ишга олинади. Бош вазир Кир Стармер бошчилигидаги лейбористлар ЕИ билан муносабатларни “қайта тиклаш”ни ваъда қилган.

Фото: Getty Images

Давлат фуқаролик хизматидаги вакансиялар порталида келтирилишича, Британия ҳукуматининг Европа Иттифоқи ва халқаро иқтисодий муносабатлар бўйича иккинчи доимий котиби лавозимини эгаллайдиган шахсга йилига 153 минг фунтдан 200 минг фунтгача маош таклиф этилади.

Даъвогарлардан аризалар 8 декабр оқшомигача қабул қилинади.

Вакансия тавсифида ёзилишича, танлаб олинган номзод Буюк Британия ҳукуматининг ЕИ билан муносабатларида етакчи рол ўйнайди, қатор масалалар, хусусан савдо, хавфсизлик ва чегара сиёсатида Буюк Британиянинг “асосий манфаатлари”ни ҳимоя қилиш учун жавобгар бўлади.

Бўлажак амалдор – бош вазирнинг Европа Иттифоқи билан муносабатлар бўйича бош маслаҳатчиси, Брюссел билан музокараларда “катта ва шахсий вакили” бўлиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилдан бошлаб Британияда Европа Иттифоқидан чиқиш шиори остида кетма-кет бир нечта консерватив ҳукуматлар ҳокимиятга келган ва улар 2020-21-йилларда бунга эришганди.

Сўровлар шуни кўрсатадики, британияликларнинг кўпчилиги ҳозир Brexit'дан афсусда. Илгари Европа Иттифоқидан чиқиш тарафдори бўлганларнинг салмоқли қисми ҳозирга келиб ўз фикрини ўзгартирган.

2024 йил июлида Стармер бошчилигидаги лейбористлар ҳокимиятга келди. Улар Европа Иттифоқи билан муносабатларни “қайта тиклашга” ваъда берган, аммо иттифоққа қайта қўшилишни илгари сурмаган.

Октябр ойида Стармер Брюсселга биринчи ташрифини амалга ошириб, Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Лейен билан музокара ўтказган.

Мавзуга оид