25 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Алламжоновга суиқасд ортидан рўй бераётган истеъфолар, Янги Тошкентга кўчадиган ижро органлари, ҳимоя остига олинаётган маданий ҳордиқ масканлари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
ИИВ тизимида ўзгаришлар
Ички ишлар вазирлиги буйруғига кўра, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Адҳамов, шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Тошхўжаев лавозимларидан озод этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ буйруғи билан Тезкор қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Тимур Собиров ҳам лавозимидан озод қилинган.
Kun.uz манбасига кўра, бу истеъфолар Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Аввалроқ, ДХХда ҳам шундай ўзгаришлар бўлиб ўтган эди. Абдусалом Азизов лавозимидан озод қилиниб, унинг ўрнига Баҳодир Қурбонов тайинланган. Шуҳрат Холмуҳаммедов эса мудофаа вазири лавозимида иш бошлаган.
Алламжоновга суиқасд ишини фош этишга тўсқинлик қилгани учун яна икки ака-ука мулозим ишдан бўшатилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров ва бош вазир ёрдамчиси Сарвар Ашуров ишдан олинди.
Бош вазир қабулхонаси мудири лавозимида ишлаган Сарвар Ашуровнинг ўрнига Шуҳрат Ибрагимов тайинланган. Унинг акаси, полковник Алижон Ашуров ҳам ўз лавозимидан озод қилинган.
«Ижро органлари Янги Тошкентга кўчади»
Шавкат Мирзиёев барча ижро органларини Янги Тошкентга кўчириш режасини маълум қилди.
Президентнинг айтишича, Ўзбекистон ижро этувчи ҳокимият органлари Янги Тошкентга кўчирилади. Янги шаҳар экологик тоза, тирбандликларсиз ва катта машиналар ҳаракати чекланган ҳудуд сифатида режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев нутқида 2025 йилни она табиатни асраш ва яшил иқтисодиёт йили деб эълон қилганини таъкидлади. У жаҳон бозорига чиқиш, ЖСТга кириш, ва коррупциядан холи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини қайд этди.
Президент ялпи ички маҳсулотни 200 миллиард долларга етказиш режасини билдириб, бунда олға қўйилган маррага эришиш учун ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлади.
Янги Тошкент шаҳри Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида қурилади. Лойиҳага кўра, янги шаҳар "ақлли" ва "боғ шаҳар" бўлади. Президентнинг фикрича, янги шаҳарнинг ноёб жойлашуви ва иқлими уни янада жозибадор қилади.
«Маданий ҳордиқ масканлари ҳимоя қилинади»
Хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқловчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди. Лойиҳага кўра, маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари, уларнинг ерлари ва иншоотларини бегоналаштириш, ҳудудини қисқартириш ёки янги бино қуриш тақиқланади. Бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин.
Лойиҳа «Адолат» ва Экологик партия фракциялари ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Ундан кўзланган мақсад — истироҳат боғлари, сайилгоҳлар ва хиёбонларни асраб-авайлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш.
Таъкидланишича, давлат мулки бўлган боғ ва хиёбонларда қурилиш ишлари аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Қонун лойиҳаси шундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Қонунчилик палатасининг янги таркибдаги биринчи йиғилишида бу ташаббусни маъқуллаган эди.
Пойтахтда 86 та пулли автотураргоҳ
Тошкентда 86 та пулли автотураргоҳ ташкил этиш ҳуқуқи 120 миллиард сўмга сотилди. Аукционда «Balcomuz» компанияси ғолиб чиқиб, бошланғич нархдан 2 баравар кўпроқ — 120,1 миллиард сўм таклиф қилди.
Ижарага берилган майдонлар пойтахтнинг турли ҳудудларини қамраб олади ва умумий ҳажми 262,8 минг квадрат метрни ташкил этади. Ижарачи компания 3 йиллик муддат давомида автотураргоҳларни паркоматлар билан жиҳозлаши ва дастлабки икки йилда камида 5 миллион доллар сармоя киритиши шарт.
Автотураргоҳлардан тушган даромаднинг маълум қисми Тошкент йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади. Пулли автотураргоҳлар учун тарифлар соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача деб белгиланган.
Аёллар учун бепул онконазорат
Президент қарорига кўра, тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30–65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси шакллантирилади, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилади. Бу ёшдаги аёллар ҳар икки йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтказилади. Агар касаллик аниқланса, ташхислаш ва даволаш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
2025 йилдан бошлаб онконазорат учун қўшимча шифокорлар ва мобил маммографлар фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, маммография маркази ва вирус диагностикаси бўйича референс-лаборатория ташкил этилади.
Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скрининглари натижаларини мониторинг қилиш ва улар билан қайта алоқа қилиш тизими жорий этилади.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024