Ўзбекистон | 20:23
879
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили тайинланди

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Нодиржон Турғунов Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котибига ишонч ёрлиқларини топширди.

Фото: dunyo.info

Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги (ИҲТ) доимий вакили, элчи Нодиржон Турғунов ташкилот бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳага ишонч ёрлиқларини топширди.

Қайд этилишича, ИҲТ бош котиби доимий вакилнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, уни ушбу лавозимга киришиши билан табриклаб, масъулиятли миссиясини амалга оширишда муваффақиятлар тилаган.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилган. Томонлар, шунингдек, таълим, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва инновациялар каби муҳим йўналишларда ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирган.

«Бош котиб Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси, илм-фани ва маданияти ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини таъкидлаб, мамлакатимиз тарихан ислом оламининг илмий кашфиётлар, фалсафий тафаккур ва маънавий мерос маркази бўлганини алоҳида таъкидлади», — дейилади хабарда.

Нодиржон Турғунов 2024 йил март ойида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси сифатида Ар-Риёд шаҳрига ташриф буюрган эди. Дипломат 2016 йилдан бери ТИВ тизимида. Ўтган йиллар давомида Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментида турли лавозимларда фаолият олиб борган. Хусусан, 2019-2021 йилларда Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳрида (Қозоғистон), 2021-2024 йилларда эса Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони) бош консул бўлиб ишлаган.

Нодиржон Турғунов 2018-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси ва бош қароргоҳи Жидда шаҳрида жойлашган Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили лавозимларида ишлаган Улуғбек Мақсудов ўрнига тайинланган.

Мавзуга оид