Ўзбекистон | 15:48
407
2 дақиқада ўқилади

Тошкент-Ханчжоу йўналишида янги ҳаво қатнови очилди

Ханчжоу халқаро аэропортида (Чжэцзян провинцияси) Uzbekistan Airways АЖнинг "Тошкент-Ханчжоу" йўналиши бўйича биринчи рейсини тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

Тадбирда Ўзбекистоннинг Шанҳайдаги Бош консулхонаси вакиллари, Uzbekistan Airways АЖнинг Пекиндаги ваколатхонаси масъул ходимлари, ушбу провинция Халқ ҳукумати ташқи ишлар бошқармаси, Ханчжоу халқаро аэропорти маъмурияти раҳбарияти ва ватандошлар иштирок этди.

Янги рейс ҳафтада бир марта, ҳар якшанба куни Тошкентдан соат 12:40 да учади ва Ханчжоуга соат 22:00 да етиб келади. Ханчжоудан қайтиш рейси соат 23:30 да учади  ва соат 04:10 да Тошкентга қўнади.

Партия қўмитаси аъзоси, Халқ ҳукумати ташқи ишлар бошқармаси директори ўринбосари ва Чжэцзян провинцияси хорижий давлатлар билан дўстлик ассоциацияси вице-президенти Син Хуйдуннинг айтишича, Ўзбекистон Чжэцзян провинцияси билан савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошираётган биринчи давлатлардан бири ҳисобланади. 

Ханчжоу халқаро аэропорти Шарқий Хитойда 2-ўринда, мамлакатдаги энг яхши 10 та аэропортдан бири ва дунёдаги энг йирик 100 та аэропорт қаторида қайд этилади. Ушбу аэропорт 2019 йилда дунёдаги энг гавжум аэропортлардан бир сифатида эътироф этилган. 2024 йил охирида йўловчи ташиш ҳажми 48 миллион кишидан ошиши кутилмоқда.

Мавзуга оид