Ўзбекистон | 16:33
2657
3 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг 86 та нуқтасида пулли автотураргоҳ ташкил этиш ҳуқуқи 120 млрд сўмга сотилди

Пойтахт йўлларининг бўйида паркомат билан жиҳозланган автотураргоҳлар ташкил этиш бошланади. 86 та пулли “парковка” участкасини ижарага бериш бўйича аукционда “Balcomuz” МЧЖ ғолиб деб топилди. Компания аукционда бошланғич баҳодан 2 баравар юқори – 120,1 млрд сўм таклиф билан лотни ютиб олган.

2022 йилда тақдим этилган лойиҳа / Фото: Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси

Тошкент шаҳрида йўл бўйи пулли автотураргоҳлари ташкил этиладиган ер участкаларини ижарага бериш бўйича аукцион ўтказилди.

E-auksion платформасида жойлаштирилган маълумотга кўра, иштирокчилар томонидан 22 та таклиф билдирилган. 2 соатдан ошиқ давом этган савдода Balcomuz компаниясининг лот учун 120,15 млрд сўмлик таклифи ғолиб деб топилган. Бу – 57,2 млрд сўм бўлган бошланғич нархдан қарийб 2 баробар юқори.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, харидор “Balcomuz” МЧЖ 2020 йил 28 январда Тошкентда рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 4,07 млрд сўм. Фаолият йўналиши – ресторанлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари этказиш бўйича хизматлар.

Компаниянинг 60 фоиз улуши Balcom Co Ltd (Япония) компаниясига, 20 фоизи Нуриддинов Авазбек Шокиржон ўғлига, 10 фоизи Акрамов Бобур Ахатовичга, яна 10 фоизи Ҳошимов Анвар Олим ўғлига тегишли. Раҳбари сифатида Нуриддинов Авазбек Шокиржон ўғли кўрсатилган.

Компания сайтидаги маълумотларга кўра, Balcomuz Ўзбекистонда 2019 йилдан бери бир қатор лойиҳаларни амалга оширган. Central Park истироҳат боғи, “Море” сув мажмуаси, The Bani ҳаммом мажмуаси, Oxygen Development кўп қаватли турар жой ва савдо биноси, Balcomsoft IT-хизматлари ва Flamingо ресторани шулар жумласин.

Маълумот учун, битта лот доирасида Тошкент шаҳридаги ижарага бериладиган майдонларнинг умумий ҳажми 262,8 минг квадрат метрни ташкил этади. Бунга қуйидаги кўчаларнинг қисмлари киради:

  • пойтахтнинг марказий қисмида (жумладан, Амир Темур хиёбони, Мовароуннаҳр, Истиқлол, Яҳё Ғуломов, Ўзбекистон овози, Истиқбол, Содиқ Азимов, Тарас Шевченко, Шаҳрисабз, Яккачинор, Шастри, Маҳатма Ганди, Ҳамид Олимжон, Чехов ва бошқа кўчалар);
  • Учтепа ва Чилонзор туманларида (Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Фарҳод, Лутфий, Чўпонота, Муқимий, Қатортол, Чилонзор, Арнасой, Есенин, Бешқайрағоч кўчалари);
  • Сергели ва Янгиҳаёт туманларида (Янги Сергели, Турсунзода, Алавия, Шокирариқ, Ислом Сатторов, Қипчоқ, Қўрғонтепа, Биродарлик кўчалари);
  • Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида (Лабзак, Себзор, Гулобод, Форобий, Белтепа, Қорақамиш, Қорасарой, Шимолий Олмазор кўчалари);
  • Бектемир туманида (Ҳусайн Бойқаро кўчаси);
  • Миробод тумани (Янги Қўйлиқ кўчаси);
  • Яшнобод туманида (Оҳангарон йўли кўчаси, Қуйи Талариқ, Сивец, Қурувчилар кўчалари).

Ижара муддати – 3 йил. Ижарачи дастлабки 2 йилда автотураргоҳларни жиҳозлаш, паркоматлар, ҳаракатни ташкил этиш воситалари ва коммуникация тармоқларини ўрнатиш учун камида 5 млн доллар сармоя киритиши керак.

Автотураргоҳдан тушган тушумнинг камида 1/12 қисми Тошкент шаҳар йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши керак. Бундан ташқари, ижарачи автотураргоҳлардан мақсадли ва қонуний фойдаланиш мониторингини таъминлаши зарур.

Пойтахт ҳокимининг қарори билан, тўловлар миқдори тариф зоналарига қараб соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача деб белгиланган.

Мавзуга оид