Ўзбекистон | 18:33
5329
4 дақиқада ўқилади

“Жудаям мураккаб савол” — Қўчқоров тиббиёт ходимларининг маоши ҳақида

Депутат Қизилгул Қосимова таълим ва тиббиётдаги ойликларнинг пастлиги бу соҳалардаги хизмат сифатига салбий таъсир қилишидан хавотир билдирди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров малакали ўқитувчиларни саралаб, уларга юқори маош тўлаш тизими яратилгани, шунга ўхшаш тизим тиббиётда ҳам жорий этилиши, лекин ҳукуматда ҳали аниқ ечимлар йўқлигини айтди. “Асосий масала – кимга ва нима учун юқори ойлик тўлаш”, деди у.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Қонунчилик палатасининг 2025 йилги давлат бюджети лойиҳаси кўриб чиқилган 26 ноябр кунги мажлисида ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойликлари масаласи кўтарилди.

Депутат Қизилгул Қосимова бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга қуйидагича савол берди:

“Ҳозир ўзингиз айтиб ўтдингиз, ижтимоий соҳага бюджетнинг 52 фоизи йўналтирилади деб. Мана, октябр ойида бюджет ташкилотларида ишлайдиган педагог ва тиббиёт ходимларининг ойлиги 15 фоизга ошди, бу ҳам қувонарли ҳол. Лекин шунга қарамасдан, мана шу соҳада ишлайдиганларнинг иш ҳақи нисбатан пастлиги, малакали кадрларнинг хусусий секторга ўтиб кетаётганини кўриб турибмиз. Агар бу давом этаверадиган бўлса, эртага давлат таълим ва тиббиёт тизимининг сифатига салбий таъсир қилмайдими?”

Қизилгул Қосимова

Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, ҳукумат тиббиёт соҳаси бўйича “кимга ва нима учун юқори ойлик тўлаш” масаласида бош қотирмоқда.

“Қизилгул Эрматовна, жуда ҳам тўғри саволни кўтардингиз. Ҳақиқатан ҳам тиббиёт ходимларининг иш ҳақи аҳолига [кўрсатиладиган] тиббиёт хизматларининг сифатини туширмайдими... Тўғри савол.

Авваломбор, шуни айтишим керакки, ҳурматли президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев худди педагогларда халқаро сертификатлар, бошқалар бўладиган бўлса, кўпроқ иш ҳақи олганлари каби соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ҳам худди шундай топшириқ берганлар. Энди, иш ҳақининг қанчаси кўп, қанчаси кам – ўзингиз яхши биласиз, жудаям мураккаб савол. Энди, дўхтирларимизни ҳам сертификациялашми, уларнинг малакасини баҳолаш...

Катта раҳмат, ҳозир айтдингиз, мана бу йил 15 фоизга ошди. Ундан ҳам аввал, охирги 6-7 йилда, хабарларингиз бор, умуман ҳамма соҳада ҳам ойликлар жиддий кўпайди. Лекин ҳурматли президентимиз бу етарли эмас деяпти. Педагоглар бўйича ҳам, соғлиқни сақлаш ходимлари бўйича ҳам. Лекин масаланинг энг мураккаб томони шундаки, ҳаммага 15 фоизга, ё 50 фоизга, балки 40 фоизга кўпайтириш биз кутаётган натижани берадими-йўқми деган савол бор. Шунинг учун топшириқ шундай бўлганки, олдинда юраётган, малакаси юқори бўлган, ўзининг ишини сидқидилдан бажараётган тиббиёт ходимларининг ойлигини кўпайтириш бўйича, тўғриси, ҳозир ечимларимиз йўқ. Бўлганида айтиб берардик.

Жамшид Қўчқоров / Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Бу бўйича ишлаяпмиз. Мен фикримни аниқ тушунтириш учун яна бир бор такрорламоқчиман: асосий масала – кимга ва нима учун юқори ойлик тўлаш. Шу масаланинг ечими бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бирга ишлаяпмиз. Мен сизни ишонтириб айтаман, ҳурматли президентимиз бу бўйича топшириқ берганлар. Чунки у киши тиббиёт соҳасидаги муаммоларни жуда кўп ўйлайдилар. Шунинг учун биз ҳурматли президентимиз ҳузурларида макропрогнозларимиз, келгуси йил давлат бюджети лойиҳасини тақдим этганимизда, ҳурматли президентимиз шу соғлиқни сақлаш соҳасига жуда кўп тўхтаб ўтдилар. Шулардан бири – юқори малакали, ўзининг ишига виждонан ёндашадиган, одамларнинг соғлиғини қадрлайдиган тиббиёт ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашни жиддий яхшилаш масалалари ҳам тўхтаб ўтдилар”, – деди Жамшид Қўчқоров.

Мажлисда 2025 йилги давлат бюджети лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Мавзуга оид