Жаҳон | 21:48 / 26.11.2024
3458
2 дақиқада ўқилади

КХДР Жанубий Корея билан чегарадаги электр узатиш тармоқларини демонтаж қилмоқда

Электр узатиш тармоқлари Жанубий Корея томонидан қурилган. Умумий ҳисобда саноат комплексига электр энергиясини етказишга мўлжалланган 48 та таянч минораси ўрнатилган.

Фото: Yonhap

КХДР Жанубий Корея билан чегарада жойлашган ёпиқ Кэсон саноат паркига олиб борувчи электр узатиш тармоқларини демонтаж қилмоқда, деб хабар беради Yonhap агентлиги.

Сеул маълумотларига кўра, Корея халқ армияси аскарлари 24 ноябр куни иш бошлаган ва Кёнисон йўли бўйидаги айрим устунлардаги электр узатиш тармоқларини узиб бўлган. Жанубий Корея ҳукумати КХДР 2020 йил июндан бери ишламаётган электр узатиш тармоқлари устунларини ҳам демонтаж қилишини кутмоқда. Мазкур ҳудудда электр энергияси таъминоти Кэсондаги Кореялараро алоқа идораси портлатилганидан кейин узилган.

Электр узатиш тармоқлари Жанубий Корея томонидан қурилган. Умумий ҳисобда саноат комплексига электр энергиясини етказишга мўлжалланган 48 та таянч минораси ўрнатилган, уларнинг 15 таси КХДР ҳудудида жойлашган.

Шимолий ва Жанубий Кореяни 4 километр кенгликдаги демилитаризация зонаси ажратиб туради. КХДР йил бошида ўз чегарасига миналар ўрнатган ва ёритиш тизимларини олиб ташлаган эди.

Октябр бошларида КХДР ҳарбийлари «жанубий чегараларни қалъага айлантириш» мақсадида Жанубий Кореяга элтувчи барча автомобил ва темирйўлларини ёпишга ваъда берганди. Орадан кўп ўтмай Шимолий Корея мамлакатнинг янги конституциясида Жанубий Корея расман «душман давлат» сифатида белгиланишини тасдиқлаган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид