Жамият | 17:30
1823
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга янги вирус кириб келгани йўқ, гриппнинг А тури кўпайган – ССВ

Тошкент шаҳрида охирги ҳафталарда гриппнинг А тури кўпайган. Бу бўғимларда оғриқ, тана ҳароратининг ошиши, йўтал, бурун оқиши ва кўз оғриши билан намоён бўляпти, деб муносабат билдирди Санэпидқўмита.

Фото: Freepik

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида болалар орасида янги вирус тарқалаётгани ҳақида маълумотлар чиққач, ҳолатга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутахассислари изоҳ берди.

Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилфуза Расулова Тошкент шаҳрида янги вирус тарқалаётгани ҳақидаги хабарлар асоссизлигини маълум қилди. У қўмита томонидан кунлик ва ҳафталик респиратор инфекциялар, грипп А касаллигининг кундалик таҳлиллари олиб борилишини айтиб, охирги ҳафталарда грипп А кўпайганини қўшимча қилган.

Ҳозирги кундаги бўғимларда оғриқ, тана ҳароратининг ошиши, йўтал, бурун оқиши ва кўз оғриши билан намоён бўлиши айнан гриппнинг А тури клиник белгиларига тўғри келади ва Тошкентдаги ҳолат ҳам шу А тури билан боғлиқ. Барча беморларда ушбу касалликнинг кескин бошланиши ва тана ҳароратининг юқори даражада кўтарилиши кузатиляпти”, – деган у.

Шунингдек, мутахассис бу вирус Тошкент шаҳри аҳолисида сўнгги ҳафталарда бирмунча юқори кўрсаткичларда рўйхатга олинаётгани сабаб барча даволаш профилактика муассасаларида қўшимча бемор ўринлари ташкил этилганини ҳам таъкидлаган.

Бундан ташқари, ҳолат бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков ҳам қўшимча маълумот берган. У республикага янги вирус кириб келмагани, Ўзбекистон ҳудудида қайси вируслар айланиб юрганини кузатиб борувчи мониторинг тизими йўлга қўйилгани, тегишли лабораторияларда беморлардан олинган вирус намуналари доимий равишда текширилиб, таҳлил қилиб борилишини билдирган.

Отабеков ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган респиратор касалликлар мавсумий характерга эгалиги, куз-қиш даврида уларнинг кўтарилиши кузатилиши ва бундан хавотирга тушмаслик кераклигини тавсия қилган. “Масалан, бир неча ҳафта олдин юртимизда ҳаво ҳарорати кескин пасайиши қайд этилди. Бундай шароитда кўпчилик хоналардаги иссиқликни мўътадил сақлаб туриш учун эшик-деразалар, тирқишларни зичлаб ёпгани табиий ҳол. Оқибатда хонадонлар ва ёпиқ бино-иншоотларда ҳаво алмашинуви камайиши ҳисобига атмосферада вируслар концентрацияси ошиши кузатилди”, – деган у.

Шунингдек, мутахассис ўткир респиратор касалликлар бир неча клиник белгиларини санаган. Булар:

– дастлаб бурун шиллиқ қаватида қичишиш, кейинчалик ҳид билиш қобилияти қисман пасайиши, аксириш, бурун оқиши кузатилади;

– навбатдаги босқичда томоқда ачишиш, қуриш, оғриқ, овоз бўғилиши ва қуруқ йўтал пайдо бўлиши мумкин. Касалликдан тузалиш босқичида эса балғам кўчиши, хасталикнинг юмшаши, йўтал чоғида оғриқлар пасайиши сингари ҳолатлар қайд этилади.

Нурмат Отабеков бу каби патологиялар грипп вируси, парагрипп, риновирус, аденовирус, коронавирус кабиларни келтириб чиқариши мумкинлигини тушунтирган. “Янги вируслар пайдо бўлди” деган хабарларга келсак, мана, ҳозиргача дунёда коронавируснинг 45 мингга яқин мутациялари юзага келди ва ҳамон бу жараён тўхтагани йўқ. Бироқ ўтган даврда улардан фақат 10-15 таси касаллик чақирди холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас”, – деган мутахассис.

Қўмита раиси ўринбосари респиратор касалликлар олдини олиш ва эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш учун беморлар жамоат жойларига чиқишдан, одамлар билан мулоқотдан имкон қадар ўзларини чеклашлари, ижтимоий масофа сақлашлари, айниқса беморлар ва уларнинг парвариши билан шуғулланаётган шахслар тиббий ниқобда бўлишларини тавсия этган. “Хасталик белгилари кузатилган юртдошларимиз эса шифокорга мурожаат қилиб, даво муолажаларини бошлашлари мақсадга мувофиқдир”, – деган Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид