Жамият | 16:35
7467
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда эрта никоҳни тарғиб қилган блогер жаримага тортилди

У эри 17 ёш, хотини 15 ёш бўлса-да, эгизак фарзанди борлиги айтилган видеони ижтимоий тармоққа жойлаштирган.

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарё вилоятида ўзини эр-хотин деб таништирган, эри 17 ёш, хотини 15 ёш бўлса-да, эгизак фарзанди борлиги айтилган видео саҳналаштирилган бўлиб чиқди. Ушбу видеони ижтимоий тармоққа жойлаштирган блогер ёлғон ахборот тарқатиш айби билан жазоланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Қайд қилинишича, 21 ноябр куни блогер А.Ш. (2003 йилда туғилган эркак), Ж.Н. (2003 й.т. эркак) ва С.Р. (2005 й.т. аёл) эрта никоҳни тарғиб қилувчи видеони тайёрлашган. Жумладан, унда эри 17 ёш, хотини 15 ёш бўлса-да, эгизак фарзанди борлиги таъкидланган. Сўнгра видео ижтимоий тармоққа жойлаштирилган.

Эрта никоҳни тарғиб қилиш мазмунидаги мазкур ҳолат бўйича блогер А.Ш. хатти-ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида иш ҳужжатлари туман ИИБ томонидан Термиз шаҳри судига юборилган.

Суд томонидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, А.Ш. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2 моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) 1-қисми билан жавобгарликка тортилиб, БҲМ 4 баробари (1 млн 480 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган. Видеонинг бошқа иштирокчилари бундай номақбул ҳаракатларга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантирилган.

Мавзуга оид