Жаҳон | 14:40 / 27.11.2024
4196
2 дақиқада ўқилади

Берлин Украинага IRIS-T ҲҲМ тизимини тақдим этади

Йил охиригача Берлин Украинага иккита қўшимча IRIS-T ҳаво мудофаа тизимини тақдим этади. Бундан ташқари, Германия Украинанинг энергетика инфратузилмасини таъмирлаш учун қўшимча 65 миллион евро ажратмоқда.

Фото: Vyacheslav Madiyevskyy/Ukrinform/ABACA/IMAGO

Германия Украина энергетика инфратузилмасини таъмирлаш учун яна 65 миллион евро ажратмоқда. 26 ноябр, сешанба куни Германия Иқтисодий ишлар ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги (BMWK) томонидан хабар қилинганидек, маблағлар Украина энергетикасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига тушади ва Германия давлат тараққиёт банки (KfW) орқали ўтказилади.

Германия иқтисодиёт вазири ва ҳукмрон коалициядаги «Иттифоқ 90»/«яшиллар» партияси ҳамраиси Роберт Ҳабекнинг сўзларига кўра, урушнинг учинчи қишида энергия таъминоти бузилиши Украина иқтисодиёти ва аҳолиси учун ҳалокатли оқибатлар билан таҳдид солмоқда. «Шунинг учун Украинани қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ», деди у.

Таъмирлаш ва яшил ўтиш учун маблағлар

Маблағлар нафақат вайрон бўлган инфратузилмани таъмирлашни молиялаштириш, балки яшил энергияга ўтиш бўйича лойиҳаларни илгари суриш учун ҳам мўлжалланган. Улар узоқ муддатда Украина энергетика тизимининг барқарорлигини мустаҳкамлашни кўзда тутади, дея қайд этади dpa агентлиги.

Германиянинг Украина энергетикасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига қўшган ҳиссаси йил охиригача 360 миллион еврога етади. Германия 2022 йил февралидан бери 629 миллион евро жалб этган жамғарманинг энг йирик донори бўлиб қолмоқда.

Берлин Украинага иккита IRIS-T ҲҲМ тизимини юборади

26 ноябр куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок йил охиригача Берлин Украинага иккита қўшимча IRIS-T ҳаво мудофаа тизимини тақдим этиши ҳақида хабар берди.

Ҳаммаси бўлиб, 2024 йилдан 2025 йилгача Берлин Киевга 20 та IRIS-T тизимини етказиб беришни ваъда қилган — тўққизтаси SLM комплектациясида ва 11 таси - SLS.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, 13 ноябр куни у билан телефон орқали суҳбатда Германия канцлери Олаф Шолц етказиб берилиши режалаштирилган IRIS-T ҳаво мудофаа тизимларининг олтинчиси 2024 йил охиригача Украинага етиб келишига ишонтирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид