Жаҳон | 13:21 / 27.11.2024
2252
8 дақиқада ўқилади

Исроилнинг маданий геноциди, Ливанда икки ойлик оташкесим ва жиноий таъқибдан қутулган Трамп — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ливанда оташкесим амалда

Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги шартнома кучга кирди. Бу келишув 14 ой давом этган ҳарбий ҳаракатларга якун ясаб, бир неча соат аввал амалга оширила бошлади.

Шартнома асосида Исроил 60 кун мобайнида босиб олинган Ливан чегарасидаги қишлоқлардан ўз ҳарбий кучларини чиқариши лозим. Шунингдек, Ливан армияси Литани дарёси жанубига 5000 нафар ҳарбийни жойлаштириши ва уларга БМТ тинчликпарвар кучлари ҳам қўшилиши белгиланган. «Ҳизбуллоҳ» эса ўзининг оғир қуролларини Литани дарёсининг шимолига кўчиради, бироқ жанубий Ливандаги ўз иштироки сақлаб қолинади.

«Ҳизбуллоҳ» аввалги талабидан воз кечиб, ўт очишни тўхтатишнинг Исроилнинг Ғазо секторидаги урушни тўхтатишига боғлиқ бўлмаслигига рози бўлди. Шу билан бирга, келишув кучга киришидан олдинги сўнгги соатларда ҳам икки томон ўзаро зарбалар беришни тўхтатмаган.

Расмий маълумотларга кўра, Ливанга қилинган ҳужумлар бошидан буён Исроил армияси 91 аскарини йўқотган ва 1128 ҳарбий жароҳатланган.

Исроилнинг маданий геноциди

Исроилнинг кучли ҳужумлари Ливан ва Ғазо секторидаги маданий меросга жиддий зарар етказмоқда. Бу ҳақда UNESCO'нинг маданият ва фавқулодда вазиятлар бўйича директори Криста Пиккат Женевада UNESCO ҳамда БМТнинг сунъий йўлдошдан мониторинг маркази (UNOSAT) ўртасидаги қўшма лойиҳа тақдимотида маълум қилди.

Пиккатнинг айтишича, Ливаннинг жанубий ҳудудларида, жумладан, Баалбекда UNESCO ҳимоясидаги кенг ҳудудлар мавжуд.

«Баалбек жаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларни ўз ичига олади. Бундай объектларга қасддан уюштирилган ҳужумлар ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкин», — деб таъкидлади у.

UNESCO маълумотига кўра, Ливаннинг жанубий ҳудудларидаги 34 та маданий мерос объекти давом этаётган можаро туфайли хавф остида. Уларнинг айримлари аллақачон катта талафот кўрган.

Ғазо секторидаги вазият янада мураккаб. Эскалация бошланганидан бери 69 та маданий мерос объекти шикастланган бўлиб, улар қаторида 43 та тарихий бино, 6 та ёдгорлик, 7 та археологик объект ва бир музей бор.

UNOSAT билан ҳамкорликда UNESCO сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланиб, зарарни баҳоламоқда. Ҳужумлардан олдин ва кейин олинган суратларни солиштириш орқали мутахассислар вайронагарчиликларни аниқлаб, уларнинг кўламини таҳлил қилмоқда.

Россия Украинада кескин илдамламоқда

Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, Россия қўшинлари Украинадаги ҳаракатларини сўнгги 2,5 йиллик уруш давомидаги энг тез суръатда амалга оширмоқда.

Мустақил «Агентство» нашри маълумотларига кўра, Россия армияси ўтган ҳафта давомида 235 км квадрат украин ҳудудини эгаллаган, бу 2024 йил учун рекорд кўрсаткичдир. Украина армияси билан боғлиқ маълумотларни таҳлил қилувчи DeepState гуруҳи ноябр ойида эгалланган умумий ҳудуд майдонини 600 кв. км деб баҳолаган. Бу рақамларни АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳам тасдиқлаган.

Институт ҳисоботида таъкидланишича, Россия қўшинларининг илдамлаши июл ойида Украина Курск областига бостириб кирганидан сўнг янада фаоллашган. Шундан бери Россия шарқий Украинадаги операцияларини кучайтирган.

Ҳозирги кунда энг кескин жанглар Курахове атрофида давом этмоқда. Бу ҳудуд Покровскка йўл очувчи муҳим нуқта ҳисобланади. Покровск эса Донецк области учун асосий транспорт тугуни сифатида кўрилади. Reuters агентлиги томонидан сўралган таҳлилчиларнинг фикрича, Россия Украина фронтининг бутун чизиғида ҳимоя нуқсонларидан фойдаланмоқда, аммо энг катта босим Курахове-Покровск йўналишида кузатилмоқда.

Москва Украинада ўз мақсадларига эришишини, Ғарбнинг қаршилигига қарамасдан, таъкидламоқда. Россия армиясининг шошилинч ҳаракатлари, айниқса Доналд Трампнинг рус-украин можаросини амалга киришиши билан тугатишига оид ваъдаларидан келиб чиққан. Трамп можарони музлатиб, Россияга унинг эгаллаб олган ҳудудларини сақлаб қолиш имкониятини бериши мумкин.

Украина президенти Володимир Зеленский эса тинчлик фақат Россия қўшинлари барча босиб олинган ҳудудлардан тўлиқ чиқарилиб, Қрим ҳам қайтарилганидан кейингина таъминланиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Трамп ортиқ жиноятчи эмас

Америкада Дональд Трампнинг президентлик сайловларини бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳаракатлари якунланди. Округ судяси Таня Чуткан 2020 йилги сайлов натижаларини бекор қилиш уринишлари бўйича ишни прокуратуранинг талабига кўра бекор қилди. Бу қарор Адлия вазирлигининг амалдаги президентга нисбатан жиноий таъқибни тақиқловчи сиёсатига асосланган ҳолда қабул қилинди.

Бу қарор билан Дональд Трампга нисбатан 2021 йил 6 январь воқеалари, яъни Капитолий штурми учун жиноий иш очиш ҳаракатларига чек қўйилди. Айбловлардан бирида Трампга махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаганлик моддаси ҳам қўйилганди.

Прокуратуранинг таъкидлашича, ишларни бекор қилиш етарли далиллар йўқлигига эмас, балки ҳуқуқий чекловларга асосланган. Адлия вазирлигининг 1970-йилларда қабул қилинган сиёсатига кўра, амалдаги президентни жиноий жавобгарликка тортиш Конституцияга зид ва давлат раҳбарининг вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилади.

Прокуратура Трампнинг президентлик ваколати тугаганидан сўнг ишларни қайта очиш имкониятини очиқ қолдирди. Аммо мутахассислар шундай узоқ вақт ўтганидан сўнг жиноий жавобгарликка тортиш қийин бўлишини таъкидлашмоқда.

Қирғизлар лотин алифбоси билан қўрқитилди

Россия Қирғизистоннинг лотин алифбосига ўтиш истагини танқид остига олди. Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов журналистлар билан учрашувда, лотин алифбосига ўтиш мамлакатнинг асрлар давомида шаклланган маданий меросини йўқотишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Ҳолбуки, қирғизлар кириллча алифбодан 84 йилдан буён фойдаланмоқда.

«Тил фақатгина сўзларнинг ёзилиши эмас. У маданият, анъаналар, миллатнинг руҳияти, Қирғизистоннинг мероси. Уни бир зумда ўзгартиришга арзийдими?» — деган элчи.

Вакунов номаълум тилшуносларга асосланиб, кирилл алифбоси қирғиз тилининг ўзига хос жиҳатларини ифода қилиш учун энг мос ёзув ҳисобланишини айтган. Элчи, шунингдек, лотин алифбосига ўтиш авлодлар ўртасида «узилиш» яратиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

«Қирғиз тилига хос бўлган «ы» ҳарфи лотин алифбосида қандай ёзилади ва энг муҳими, қандай талаффуз қилинади? 30 йилдан кейин лотин алифбоси асосида таълим олганлар уни қандай тушунишади?» — деган дипломат.

Вакунов Қирғизистон президентининг лотин алифбосига ўтиш масаласи ҳозирча кун тартибида эмаслиги ҳақидаги баёнотини эслаб ўтган. Шунингдек, ёзувни ўзгартириш катта молиявий харажатларни талаб қилишини ҳам қайд этди.

Туркий халқлар учун ягона алифбо масаласи сентябр ойида Бокуда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти йиғилишида муҳокама қилинган эди. Унда 34 ҳарфдан иборат лотин алифбоси тасдиқланди. Ноябр ойида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қирғизистон ва Марказий Осиё давлатларини бу алифбони жорий этиш йўлида қадам ташлашга чақирди.

Россия мактаблари чўчқа гўштидан воз кечмоқда

Россиянинг Норилск шаҳрида мактаб ошхоналари менюсида чўчқа гўшти ўрнига гўштнинг бошқа турлари қўлланмоқда.

Норилск мактаб ошхоналарида янги менюни татбиқ этиш бўйича дегустация тадбирлари ўтказилмоқда. Бу жараён ўқув йили охирига қадар давом этади.

Бош таъминотчи ташкилотга кўра, чўчқа гўшти ўрнига мол ва товуқ гўшти таклиф этилмоқда. Мол гўшти болалар учун зарур бўлган оқсил миқдори бўйича лидер ҳисобланади. Мол гўшти санитар хавфсизлик жиҳатидан ҳам афзал саналади, чунки чўчқа гўшти бактерия ва паразитлар билан кўпроқ зарарланиш хавфига эга.

Кўп миллатли шаҳарнинг кўплаб болалари диний сабабларга кўра чўчқа гўштини истеъмол қилмайди. Бу эҳтиёжларни ҳурмат қилиш мақсад қилинган.

Норилск аҳолисининг тахминан 10 фоизини, бу 20 минг киши, мусулмонлар ташкил этади. Уларнинг диний эҳтиёжлари бу қарорга келишнинг асосий сабабларидан бири бўлган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид