Жаҳон | 10:33
1609
3 дақиқада ўқилади

Reuters: Трамп жамоаси Ким Чен Ин билан музокараларни муҳокама қилмоқда

Трамп вакиллари АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатларни яхшилаш мақсадида Ким Чен Ин билан боғланиш ғоясини кўриб чиқмоқда, деб ёзади Reuters.

Фото: Reuters

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп жамоаси Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказишни муҳокама қилмоқда, чунки бу қуролли можаро хавфини камайтиришга ёрдам беради. Бу ҳақда 26 ноябр, сешанба куни Reuters агентлиги Вашингтондаги «мавзудан хабардор» икки манбага таяниб хабар берди.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, Трамп жамоасидаги бир неча киши Америка ва Шимолий Корея етакчилари ўртасидаги мавжуд тўғридан тўғри алоқалардан АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатларни тиклаш ва мамлакатлар ўртасидаги «музни ёриб юбориш» учун фойдаланилишини кутмоқда. Reuters агентлигининг қайд этишича, Трампнинг КХДР етакчиси билан биринчи президентлик давридаги мулоқоти ўзаро ҳақорат билан якунланган.

Бир неча кун олдин Доналд Трамп Алекс Вонгни миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ўринбосари этиб тайинлашни режалаштираётганини эълон қилган эди. АҚШ Давлат департаменти собиқ ходими бир пайтлар Вашингтон учун дипломатик стратегия сифатида Трамп ва Ким ўртасида тўғридан тўғри алоқа ўрнатиш учун лоббичилик қилган ва бу дастлаб муваффақиятли натижаларга олиб келган.

Шу билан бирга, Шимолий Корея Трамп ўрнига президентлик лавозимини эгаллаган Жо Байденнинг муносабатларни яхшилаш бўйича барча чақириқларини эътиборсиз қолдирди.

Трамп ва Ким – қўл бериб кўришишдан тортиб ҳақоратгача

Шунингдек, Ким Чен Ин Трампнинг алоқани қайта тиклашга уринишларига қандай муносабатда бўлиши ҳам номаълум, дея қайд этади Reuters. ОАВ маълумотларига кўра, бир ҳафта олдин Шимолий Корея раҳбари Пхеняндаги ҳарбий кўргазмадаги нутқи чоғида мамлакат «Қўшма Штатлар билан музокараларда имкони борича узоққа боргани»ни, аммо Вашингтон гўёки ўз сиёсатини ўзгартиришни истамаганини, шунинг учун КХДР ва АҚШ термоядро урушига яқин эканини айтган.

Шу билан бирга, Трамп расмий учрашувлар давомида КХДРнинг юқори мартабали вакиллари билан шахсан учрашган кам сонли Америка президентларидан биридир. Президент сифатидаги биринчи муддати давомида у 2018 йилда Сингапурда Ким билан музокаралар ўтказган, бир йилдан сўнг эса Ханойда етакчиларнинг иккинчи расмий учрашуви бўлиб ўтган. КХДР етакчиси билан учинчи учрашуви учун Трамп 2019 йилнинг ёзида Шимолий ва Жанубий Корея чегарасидаги қуролсизлантирилган ҳудудга ташриф буюрган эди.

Трамп Шимолий Корея билан мамлакатни ядросизлантириш бўйича музокаралар ўтказиш мақсадини қўйган эди, бироқ бу ғоя муваффақиятли бўлмади. 2019 йилнинг кузида Пхенян Қўшма Штатларни музокараларда муваффақиятсизликка учраганликда айблади, Трамп эса Ким Чен Инни танқид қилди ва «ваъда қилинганидек ядросизланишни амалга оширишни» талаб қилди. Шимолий Кореянинг юқори мартабали амалдори Ким Ёнг Чол бунга жавобан Америка етакчисини «сабрсиз чол» деб атади. Кейинчалик мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар фақат ёмонлашди.

Мавзуга оид