Ўзбекистон | 17:44
6012
2 дақиқада ўқилади

“Саидазиз медгородок” ишида ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди

Апелляция суди Саидазиз Саидалиев ва бошқаларга нисбатан биринчи инстанция суди ҳукмини ўз кучида қолдирди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди ҳукми билан Саидазиз Саидалиев ва яна 22 киши 5 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Фото: Олий суд

“Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев ва бошқаларга нисбатан жиноят иши апелляция судида кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Саидазиз Саидалиев ва яна 13 киши ЖИБ Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августдаги ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. Бугун, 27 ноябр куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанция суди ишни кўриб чиқиб, ажрим қабул қилди.

Суд ажримига кўра, биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз, Саидазиз Саидалиев ва яна 13 кишининг апелляция шикоятлари эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

ЖИБ Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августдаги ҳукмига кўра, Саидазиз Саидалиев товламачилик, фирибгарлик, жиноий уюшма ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, безорилик, пора беришда иштирок этиш каби жиноятларни содир қилган деб топилган. Унга 20 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, суд ҳукми билан яна 22 киши турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган. Судланганлардан иккитасига ахлоқ тузатиш ишлари, учтасига озодликни чеклаш билан боғлиқ жазо тайинланганди. Бир киши эса содир этилган жиноятнинг жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани сабабли жазодан озод этилган эди.

Бундан ташқари, 16 нафар судланувчидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши, Саидазиз Саидалиев томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳисобига орттирилган мол-мулклар тегишли тартибда жиноят оқибатида етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилиши белгиланган.

Мавзуга оид