Ўзбекистон | 17:28
619
1 дақиқада ўқилади

Сеулдан Тошкентга учиши керак бўлган рейс ноқулай об-ҳаво сабаб кечиктирилди

Жанубий Корея пойтахтида кучли қор ёғмоқда. Шу боис қатор транспорт ҳаракатлари чекланган ва юзлаб рейслар бекор қилинган.

Uzbekistan Airways 27 ноябр куни амалга оширилиши режалаштирилган Сеул — Тошкент рейси кечиктирилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ноқулай об-ҳаво шароити ва аэропорт хизматларининг перрондаги юкланмаси ортиб кетгани боис 27 ноябр куни амалга оширилиши режалаштирилган HY512 Сеул — Тошкент авиақатновининг йўналиш бўйича учиб кетиши кечикмоқда.

«Парвоз ўзгартирилган жадвал бўйича амалга оширилади, бу ҳақида қўшимча равишда маълум қилинади. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва тушунишингиздан умид қиламиз», — дейилади хабарда.

Reutersʼнинг ёзишича, Жанубий Корея пойтахти Сеулни кузатувлар тарихидаги энг кучли қор қоплаган. Ёғингарчилик туфайли ҳаракатлар чекланган, электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда ва юзлаб рейслар бекор қилинган. Синоптиклар маълумотларига кўра, совуқ ҳаво оқими шимоли-ғарбдан келган ва у ёмғирни қорга айлантирган. Бир кечада 18 сантиметр қор ёғган — бу 1907 йилдан бери юритилаётган кузатувлар тарихидаги рекорд кўрсаткичдир.

Мавзуга оид