Жаҳон | 21:03
4131
8 дақиқада ўқилади

Учинчи жаҳон урушидан қўрққан подкастер Жо Роган Зеленскийни сўкди. Унга Кличко ва бошқа украинлар жавоб қайтарди

Дунёдаги энг машҳур подкастлардан бирининг муаллифи, америкалик Жо Роган ўз эфирларидан бирида украинлар президенти Володимир Зеленскийга ҳақоратлар билан ҳужум қилди ва Оқ уй раҳбари Жо Байденни Украинага Америка ракеталари билан Россия ҳудудига зарба йўллашга рухсат бергани учун танқид қилди.

Фото: Getty Images

Бу эфир жума куни бўлиб ўтганди — ва шундан кейин Роганнинг сўзлари интернетда америкалик ва украиналик фойдаланувчилар томонидан фаол муҳокама қилинди. Кўплаб таниқли шахслар, жумладан боксчи Володимир Кличко ҳамда Украина ТИВнинг собиқ раҳбари Дмитро Кулеба Украина президентининг ёнини олиб чиқди.

BBC Украина хизматининг Украина президенти офисидаги суҳбатдоши бутун твиттер бунга турли форматларда ақл билан жавоб қайтаргани, шу туфайли офисдагилар қўшимча реакцияга зарурат кўрмаётганини айтиб ҳазил қилган.

У президент офиси бундан кейин ҳам Америка аудиторияси учун украинларнинг позициясини тушунтиришда давом этишини таъкидлаган.

Жо Роган ким ва у айнан нималар деди?

Жо Роган — дунёдаги энг машҳур подкастлардан бири, YouTube ва Spotify орқали эфирга узатиладиганThe Joe Rogan Experience дастури муаллифидир.

Унинг ҳар бир эпизоди одатда миллионлаб марта кўрилади — бу кўп жиҳатдан, Роганнинг сўз танлаб ўтирмасдан, хаёлига нима келса гапираверадиган бошловчи сифатидаги имижи туфайлидир.

Роган (чапда) сайловларда Трампни қўллади ва америкаликларни унга овоз беришга чақирди

У фаолиятини стендап-комик сифатида бошлаган, аммо кейин АҚШда бокс комментатори сифатида шуҳрат қозонган. Уни аралаш жанг санъати турлари (MMA) бўйича энг яхши шарҳловчи деб аташган.

Илон Маск айнан Роганнинг эфирида мариҳуана чекиб кўрганди — бу эпизод ҳозиргача интернетда вирусдек айланади.

Роган коронавирусга қарши вакциналар тўғрисидаги асоссиз фитна назарияларини тарқатиш билан ҳам шуғулланган ва шу туфайли америкалик машҳур рок-қўшиқчилар Нил Янг ва Жони Митчелл Spotify стриминг платформасидан ўз мусиқаларини ўчириб ташлашни талаб қилишган.

Президентлик сайловларида Жо Роган очиқчасига Доналд Трампни қўллади.

Жума куни продюсер Скотт Сторч меҳмон бўлган эпизод вақтида у Зеленскийни, ўзининг фикрича, президент Байден билан биргаликда Учинчи жаҳон уруши қўзғаётгани учун сўкди.

«Зеленский Путин қўрқувда эканини айтади. Йўқол ***!» — деган Роган. (Роган «f*** you», яъни энг кенг тарқалган инглизча сўкишни ишлатган). «Йўқол ***, одамлар! Сиз [***] Учинчи жаҳон урушини бошлаяпсиз!» — дея давом этган у.

Подкастер яқинда АҚШ Украина қуролли кучларига америкаликларнинг ATACMS ракеталари билан Россиянинг ичкари ҳудудларига зарба йўллашга рухсат бергани фактини назарда тутган.

Россия ҳукумати маълумотларига кўра, Украина ATACMS ёрдамида Брянск ва Курск областларидаги ҳарбий объектларни ўққа тутган; Москва украинлар Курск областидаги шундай нишонларга британларнинг Storm Shadow русумли қанотли ракеталари билан ҳам ҳужум уюштирганини маълум қилган.

Россия президенти Владимир Путин РФ армияси бунга жавобан ўрта масофада ҳаракатланувчи «Орешник» баллистик ракетаси билан Днипро шаҳридаги ҳарбий заводга зарба йўллаганини билдирган.

«Улар [Россия] тарихда илк бор қитъалараро учувчи баллистик ракетани қўллади!» — деган бу ҳақда Жо Роган ўз эфирида.

BBC аниқлашича, «Орешник» — қитъалараро баллистик ракета билан жиҳозланган РС-26 «Рубеж» комплекси асосида яратилган бўлса ҳам, аслида ўрта радиусда ҳаракатланувчи баллистик ракета бўлиб, уни қитъалараро учувчи ракета сифатида таснифлаш тўғри бўлмайди.

Reuters Украина ҳукуматидаги манбаларга таяниб хабар беришича, Днипро томон учирилган баллистик ракетада портловчи моддалар ҳам бўлмаган. Манбалардан бирининг сўзларига кўра, ракета ўқув каллакларини олиб юрган. У зарбадан кўрилган зарарни «кичик» деб таърифлади. Агентликнинг иккинчи суҳбатдоши ракетада портловчи модда бўлмаганини таъкидлаган. «Биз кутган портлашлар содир бўлмади. Нимадир бўлди, лекин унчалик катта эмас», — дея қўшимча қилган у.

«Бу уни қўллашган биринчи ҳолат! Бу *** [лаънати] жиннилик, чунки бундай ракеталар ядровий каллак олиб юриши мумкин, — дея давом этган Роган ўзининг одобсиз лексиконида. — Музокаралар столига ўтиринг, ўзингизни босиб олинг ва тинчланинг, ҳаммани бир бошдан ўлдиришни бас қилинг!»

«Биз Трамп учун овоз берганмиз. Ва у бу бемаъниликларнинг барчасига чек қўймоқчи. Умид қиламизки, у буни уддалайди», — дея қўшимча қилган Роган.

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украинадаги урушни бир кун ичида тўхтатиши мумкинлигини айтган, аммо буни қандай қилишини очиқламаган.

Трампнинг мухолифлари у Киевни ҳудудий ён беришга мажбурлаши ва можарони Украина учун ноқулай шартларда музлатиб қўйиши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Украина ҳукумати бундай сценарийни рад этади. Президент Зеленский аввалроқ Трамп билан сентябр ойида ажойиб учрашув ўтказганини айтганди ва у ҳам Зеленский ўз позициясини баён этганида эътироз билдирмаганди.

«Учинчи жаҳон уруши» ва «ядровий уруш» риторикаси ҳозирда Трампнинг таниқли тарафдорлари томонидан кенг тарқатилмоқда.

Яқинда можароли бошловчи, жорий йил бошида Владимир Путиндан интервю олган Такер Карлсон Байденнинг Украинага узоқ масофали зарбалар йўллаш учун рухсат беришини «дунёнинг энг хавфли мамлакати билан қайноқ урушни бошлаб берадиган» қадам деб атаганди. «Биз барчамиз ўлимга жуда яқинмиз», — деганди Карлсон Х ижтимоий тармоғида.

«Россия пропагандаси»

Роганнинг подкастининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаси остида унинг охирги гаплари юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар бошланиб кетди. Айрим фойдаланувчилар унинг фикрига қўшилган, қолганлари эса унинг ўзини ҳам ҳақоратлаб жавоб ёзишган.

«Сен ўзинг йўқолиб кет ***, Жо!» — дея ёзган улардан бири. «Ўйлайманки, кимнидир айблаш учун жуда кеч, энди қўрқинчли реаллик юзага чиқди», — дея ёзган бошқаси. «Аммо у ҳақ», — дея жавоб қайтаради яна бир фойдаланувчи. «Сенда Путинга саволлар йўқми, Жо?» — дея сўрайди Рогандан яна бир твиттерчи.

Володимир Кличко Роганга жавоб қайтарганлар сафида эди

Айримлар Зеленскийга уни ўз ҳақлигига ишонтириш учун Роганнинг шоусида иширок этишни маслаҳат қилишган: «Зеленский Жо Роганнинг олдига бориши керак. Ҳазиллашмаяпман. У ҳиссиёт ва ишонч билан гапиради… У Жо Роганнинг фикрини ўзгартиради».

Айрим таниқли украинлар ҳам шов-шувли сўзларга муносабат билдиришди.

Киев мэри Виталий Кличконинг укаси, боксчи Володимир Кличко подкастерга мурожаат йўллаб, уни «Путиннинг пропагандасини такрорлаш»да айблаган.

«Путин Россияси муаммога дуч келган, шунинг учун улар сени ва сендайларни қўрқитмоқчи. Бу уруш уч кунда тугаши керак эди, амалда эса уч йилдан буён давом этмоқда — менинг халқимнинг қаҳрамонлиги ва қурбонликлари туфайли. Шунинг учун сен Путин чиндан ҳам фойдаланишни режалаштирган ягона қуролдан: пропагандадан фойдаланаяпсан», — деган кичик Кличко видеода.

Украинанинг собиқ ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба ҳам жим турмади.

«Украинларга ҳужум қилиш ва уларга гапириш имкониятини тақдим этмаслик — ҳаққоний кураш эмас. Агар чинакамига гаплашмоқчи бўлсанг, кел, Украинага оид ҳар қандай мавзуда бафуржа гаплашамиз [...] Сен ўз ишингни биласан, мен ўзимникини. Сигаралар мендан», — дея ёзган Кулеба твиттерда Роганга, унинг сигараларга муҳаббатига ишора қилган ҳолда.

Мавзуга оид