Халқаро жиноий суд Мянма ҳарбий етакчисини ҳибсга олиш ордери берилишига эришишини маълум қилди
ХЖС бош прокурори офиси Мянма қуролли кучлари раҳбари Мин Аун Хлайнни инсониятга қарши жиноятда айбламоқда.
Халқаро жиноий суд (ХЖС) бош прокурори Карим Хоннинг офиси роҳинжа халқини таъқиб қилгани учун инсониятга қарши жиноят айблови бўйича Мянма қуролли кучлари раҳбари Мин Аун Хлайнни ҳибсга олиш ордери берилишига эришишини маълум қилди, деб хабар беради Reuters.
Баёнотда айтилишича, прокурор офиси «кенг қамровли, мустақил ва холис тергов» ўтказиб, Мин Аун Хлайнни Мянма ҳамда Бангладешдаги роҳинжаларни таъқиб ва депортация қилишда жиноий жавобгарликка тортишга «ўринли асослар бор», деган хулосага келган.
Мянма ХЖС аъзоси эмас. Аммо роҳинжалар қочиб ўтган унга қўшни Бангладеш Халқаро жиноий суд аъзоси ва ташкилот аввалроқ мамлакат чегарасидан ташқарида содир этилган жиноятлар бўйича ҳам «ҳеч бўлмаганда қисман» суд қилиш ҳуқуқига эга эканини билдирган.
2017 йилда 700 мингдан ортиқ Роҳинжа мусулмонлари Мянма ҳарбийлари томонидан ўтказилган операциялар оқибатида Ракхайн штатидаги ўз уйларини ташлаб, Бангладешга қочишга мажбур бўлганди. БМТ терговчилари бу «геноцид мақсадида» амалга оширилганини маълум қилган. Мянмадаги буддистлар роҳинжалар геноцидини рад этиб, тинч аҳоли таъқиб қилинмаётгани, ҳарбийлар эса террорчиларга қарши операциялар ўтказаётганини таъкидлаб келади.
Прокурор офисининг сўрови ХЖС Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер бергани учун кескин танқидларга учрагани фонида берилган.
Мавзуга оид
20:22 / 26.10.2024
Мянма собиқ етакчисининг куёви Facebookʼдаги постлари учун ҳибсга олинди
01:06 / 18.09.2024
Мянмада сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
20:37 / 15.09.2024
Мянма БРИКСга қўшилиш ниятида эканини маълум қилди
22:50 / 14.12.2023