Ўзбекистон | 14:19
26351
2 дақиқада ўқилади

Эркинжон Турдимов ишдан кетди

У Самарқанд вилоятига 6 йилдан буён раҳбарлик қилаётганди.

Самарқанд шаҳрида 28 ноябр куни Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

Бош вазир матбуот хизмати хабарига кўра, кейинги йилларда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, аҳолининг ижтимоий шароитларини юксалтириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига асосан Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди.

Унинг ишдан кетиши «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» изоҳланган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда у саломатлигидаги муаммолар туфайли ишдан кетиши ҳақида хабар тарқалганди. Унинг кейинги лавозими тўғрисида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Эркинжон Турдимов 1969 йил Самарқанд вилояти Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент xалқ xўжалиги институтини тамомлаган. Мутаxассислиги бўйича иқтисодчи.

1991 йилдан банк тизимида фаолият бошлаган, 1995–1996 йилларда Зарафшон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт масалалар бўйича ўринбосари бўлган, 1996–2000 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Навоий вилоят бўлими бошқарувчиси сифатида ишлаган.

2000–2008 йилларда Xатирчи туманига ҳокимлик қилган. 2008 йилда бир муддат Қишлоқ ва сув xўжалиги вазирининг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган.

2008–2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими, 2016–2018 йилларда Сурxондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган.

2018 йил 13 июлдан бошлаб Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.

2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Мавзуга оид