Жаҳон | 13:57
1538
3 дақиқада ўқилади

Forex бозорида рубл курси пасайишда давом этмоқда

Халқаро Forex валюта бозорида доллар курси 114 рублдан ошди, евро курси 120 рублга етди.

Фото: Depositphotos

Россия рубли курси бир АҚШ доллари учун 110 рублдан пастга тушди. 27 ноябр, чоршанба куни тушдан кейин халқаро Forex валюта бозорида 1 доллар 114,50 рублга сотилди.

Бундан ташқари, бир кун олдин бу кўрсаткич биринчи марта 2022 йил март ойидаги даражага тушди — Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ва кейинчалик кенг кўламли санкциялар жорий этилганидан кейинги биринчи ҳафталардаги. Долларнинг рублга нисбатан курси охирги марта 2022 йилнинг 16 мартида 108 рублдан ошганди, деб ёзади "Медуза".

27 ноябр куни евро курси 120,57 рублга, юан курси 15,34 рублга етди (бир кун аввалгидан 0,76 рубл юқори).

Бироз вақт ўтгач, Россия Федерацияси Марказий банки 28 ноябрдан 2024 йил охиригача ички валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олишни тўхтатишини эълон қилди. Ушбу қарор «молиявий бозорлардаги ўзгарувчанликни камайтириш мақсадида» қабул қилинган ва «Россия Молия вазирлигининг бюджет қоидасини амалга ошириш билан боғлиқ мунтазам операцияларини акс эттириш доирасида» амалга оширилган, дейилади банк матбуот хабарида.

РФ расмийлари рубл курсини ушлаб қолиш учун курашмоқчи эмас

Россия расмийлари, аввалгидек, миллий валюта курси бир йил ичида биринчи марта психологик жиҳатдан муҳим бўлган бир долларга 100 рубллик белгига яқинлашаётган пайтда, курс пасайишига халақит бермоқчи эмас. Бу ҳақда Bloomberg 15 октябр куни вазиятдан хабардор бўлган икки суҳбатдошининг фикрига таяниб ёзди.

Агентлик таъкидлаганидек, ўтган йили Россия Марказий банки ушбу белгига яқинлашганда, рублнинг янада қадрсизланишига йўл қўймаслик учун бир неча марта аралашди: масалан, асосий ставкани ошириш (2023 йил августида бўлгани каби) ёки валюта тушумларини экспорт қилувчилар томонидан мажбурий сотиш чегарасини ошириш (2023 йил октябрда) орқали.

Бироқ, бу сафар, бюджет тақчиллиги ва харажатларнинг режалаштирилган ўсиши фонида, Россия расмийлари заиф рублда устунликни кўрмоқда, деб ҳисоблайди Bloomberg анонимлик шарти билан гапирган манбалари. Уларнинг фикрича, рублнинг заифлашиши энди ташвишга сабаб эмас, чунки келгуси йил харажатларни ошириш режалари фонида бу давлат бюджетига фойда келтириши кутилмоқда.

Россия ҳукумати ва Россия банки матбуот хизматлари Bloomberg'нинг изоҳ бериш ҳақидаги сўровларига жавоб қайтармади.

Мавзуга оид