Ғазодаги сулҳ истиқболи, Қримга ракета ҳужуми ва Россияни тарк этаётган мигрантлар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроил президенти Ғазо ҳақида
Исроил президенти Ицҳак Ҳерцог Ливанда «Ҳизбуллоҳ» билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганидан кейин Ғазо секторида фавқулодда чоралар кўришга чақирди. Аммо Ҳерцог Ғазодаги можароларни ҳал қилишда Исроилнинг бу минтақада муроса қилиши ёки ҳужумларни тўхтатишига ишора қилмади. У Исроилнинг асосий вазифаси Ғазода Ҳамас томонидан гаровда ушлаб турилган исроилликларни озод қилиш эканини таъкидлади.
«Бу имкониятдан самарали фойдаланишимиз ва барча кучларимизни ишга солишимиз керак. Асирликдаги ака-укаларимиз ва опа-сингилларимизни Ғазодан қайтариб олиш — энг устувор вазифамиздир», — деб ёзди Ҳерцог X платформасида.
Ҳерцог Ливандаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни «тўғри ва муҳим» деб баҳолади, бироқ бу келишув Исроил шимолидаги аҳолининг хавфсизлигини тўлиқ таъминлашини таъкидлади.
«Исроил давлатини ҳимоя қилиш — ҳар доим, ҳар ерда ва ҳар қандай воситалар билан амалга оширилади», — деди Ҳерцог. У АҚШ президенти Жо Байден ва унинг маъмуриятига музокаралардаги воситачилик учун миннатдорчилик билдирди.
Ғазода тинчлик сари саъй-ҳаракатлар ҳам маълум натижаларга эришмоқда. «Ал-Арабий ал-Жадид» газетасининг маълум қилишича, 26 ноябр куни Миср Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориш учун Исроилга делегация юборган. Бироқ, Исроил ҳарбийлари Ғазонинг шимолий қисмини ишғол қилиб келмоқда. Бу ҳудудда 400 мингдан ортиқ инсон қамал шароитида қолмоқда, Исроил мазкур ҳудудга инсонпарварлик ёрдами етказишни тўлиқ тақиқлаган.
Байден Ғазодаги сулҳ борасида
АҚШ президенти Жо Байден Исроил ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасидаги отишмалар тўхтаганини тасдиқлаб, Исроил ва Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати ўртасида янги музокаралар бошланишини анонс қилди.
«Ғазо аҳолиси ҳақиқий дўзахдан ўтди. Уларнинг кун кечираётган дунёсини мутлақ вайрон қилишди, Ғазодаги кўпгина тинч аҳоли жабр кўрди», — деди Байден.
Байденнинг айтишича, АҚШ Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишувда воситачилик қилишга тайёрлигича қолади. Ушбу келишув «Фаластин давлатига ишончли йўл очиш»ни ўз ичига олади.
Байденнинг баёноти Исроил ҳукумати ва шахсан Бинямин Нетаняҳунинг позициясига зид келади, улар икки давлат концепциясини бир неча бор рад этишган. Байденнинг фикрича, Саудия Арабистони билан муносабатларни нормаллаштириш тўғрисидаги келишув Исроилдан «қийин қарорлар» қабул қилишни талаб этади, эҳтимол, бу Фаластин давлатини барпо этишни назарда тутиши мумкин.
«Мен Ливан ва Исроил етакчилари томонидан зўравонликка барҳам бериш бўйича қабул қилинган жасоратли қарорни олқишлайман. Бу бизга тинчлик ўрнатиш мумкин эканлигини эслатди. Токи шундай экан, бу мақсадга эришиш учун мен бир дақиқа ҳам ҳаракатдан тўхтамайман», — деди Байден.
Мексикадан Трампга жавоб
Мексиканинг янги сайланган президенти Клаудия Шейнбаум Доналд Трампнинг Мексика ва Канададан импорт қилинувчи барча товарларга 25 фоизлик тариф жорий қилиш режасига симметрик жавоб беришини маълум қилди. Шунингдек, у АҚШни урушларга маблағ сарфлаганликда танқид қилди.
«Агар АҚШ уруш учун сарфлайдиган маблағнинг бироз қисмини тинчлик ва тараққиётга сарфлаганида эди, жаҳон миграцияси муаммоларининг илдизи йўқ қилинган бўлар эди», — деди Шейнбаум.
Шейнбаум АҚШни Мексикага ноқонуний қурол тарқатишда ва наркотикларга талабни ошириш орқали мамлакатдаги зўравонликка сабаб бўлишда айблади:
«Мексикада жиноятчилардан мусодара қилинган ноқонуний қуролларнинг 70 фоизи АҚШдан келтирилади. Биз бу қуролларни ишлаб чиқармаймиз ва синтетик наркотикларни истеъмол қилмаймиз. Афсуски, одамлар бу наркотикларга бўлган талаб туфайли бизда ҳалок бўлишмоқда».
Президент икки давлат ўртасида тарифлар урушининг салбий оқибатлари ҳақида огоҳлантирди:
«Ҳар бир тарифга жавоб бор. Бу умумий ҳамкорликка таҳдид солиб, инфляция ва иш ўринларининг йўқолишига олиб келади».
Шейнбаумнинг «АҚШнинг урушларга сарфлайдиган маблағи» ҳақидаги баёнотида қайси можаро назарда тутилгани аниқ кўрсатилмаган, лекин у Фаластинни қўллаб-қувватловчи сиёсатчи эканлиги билан танилган.
Октябр ойида Шейнбаум Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини қоралаб, мустақил Фаластин давлатини тўлиқ тан олишга чақирган эди.
Қримга ракета ҳужуми
Украина Қуролли Кучлари Россия аннексия қилган Севастополнинг Белбек ҳарбий аэродромига катта ҳужум уюштирди. Бу ҳақда россия нашрлари маълум қилди.
Ҳужумда Украина армияси тахминан 40 та дрон, кемаларга қарши «Нептун» ракеталари ва Storm Shadow қанотли ракеталаридан фойдаланган. Россиянинг ҲҲҲ тизимлари ҳужумнинг катта қисмини қайтарган бўлса-да, айрим дронларнинг парчалари Орловка ҳудудида, Кача шоссеси яқинига тушган.
Севастополда ҳам портлаш овозлари эшитилгани ҳақида хабарлар тарқатилди.
Россия Мудофаа вазирлиги Украина армияси томонидан юборилган 25 учувчисиз аппарат йўқ қилинганини маълум қилди.
Белбек аэродроми олдин ҳам Украина ҳужумларига дуч келган. Жумладан, май ойида Украина бу объектга Америкада ишлаб чиқарилган ATACMS ракеталари билан зарба берган иккита самолётини йўқ қилган эди.
Россия рублининг қора куни
Россия рубли 27 ноябр куни кескин қулади ва унинг қурби 2022 йилдан бери энг паст даражага етди. Доллар курси 114 рублдан ошиб кетди, евро эса 120 рублдан юқорига кўтарилди.
Миллий валюта қийматининг тез йўқотилишига жавобан Россия Марказий банки йил охиригача ички бозорда валюта харид қилишни тўхтатишини эълон қилди, бироқ ҳар куни 8,4 миллиард рубл эквивалентида юан сотишни давом эттиради.
Экспертлар рубл қулашига бир қатор омилларни сабаб қилиб кўрсатишмоқда. Улар орасида экспорт даромадларининг тушиши, нефт нархларининг пасайиши ва валюта танқислиги бор.
Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников бу ҳолатни асосий иқтисодий факторлар билан боғламаслик кераклигини айтди ва «2024 йилнинг иккинчи ярмида экспортда Россия рубли ва дўстона давлатлар валюталарининг улуши 82 фоизга, импортда эса 78 фоизга етди», деди.
Молия вазири Антон Силуанов эса заиф рубл экспортёрлар учун фойдали эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳарбий хизматчилар маошларини ва қурол-яроғ харидларини арзонлаштириш орқали Россиянинг Украинадаги «махсус операцияси»ни молиялаштиришга ёрдам беради.
Рублнинг заифлашуви АҚШ томонидан «Газпромбанк» ва 50 дан ортиқ бошқа Россия банкларига қарши янги санкциялар жорий қилиниши ва Москва ҳамда Ғарб ўртасидаги муносабатлар кескинлашгани билан баробар юз бермоқда. Таҳлилчилар рублнинг қулашига ушбу омиллар ва АҚШдаги сайловлар фонида долларнинг ўсиши сабаб бўлганини айтишмоқда.
Халқаро валюта бозорида рубл курси 1 долларга нисбатан 110, 1 еврога нисбатан эса 115 рубл даражада қайд этилмоқда. Бу қулаш Россияда инфляция хавфларини кучайтириб, импорт маҳсулотлар нархини оширади ва аҳолининг харид қобилиятини пасайтиради.
Россияни тарк этаётган мигрантлар
Россиянинг «Мигрант-Сервис» платформаси директори Андрей Кладов маълумотига кўра, 2024 йилда Россиядан тахминан 1 миллион мигрант чиқиб кетган.
«Чет эллик ишчиларнинг тобора Россияни тарк этаётгани равшанлашмоқда. Январдан сентябргача бир миллионга яқин одам мамлакатдан чиқиб кетди», — деди Кладов.
Кладов сўзларига кўра, Россияни асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари тарк этишган. Россияда айни дамда ҳар бир мигрантга ўнта бўш иш ўрни тўғри келиши, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорининг кўтарилаётгани ҳам бу жараённи тўхтата олмаган. 2024 йил бошида хорижликлар ишлаб чиқаришда ўртача 105 минг рубл, ёзда эса 150 минг рубл маош олган. Айниқса, қурувчилар ва курйерлар учун иш ҳақи юқори бўлган.
Мигрантларнинг чиқиб кетиши Россиянинг ишчи кучи танқислигини янада кучайтириши мумкин. Аммо расмийлар қонунларга итоат қилувчи мигрантлар учун эшиклар доимо очиқлигини таъкидламоқда.
Мавзуга оид
13:21 / 27.11.2024
Исроилнинг маданий геноциди, Ливанда икки ойлик оташкесим ва жиноий таъқибдан қутулган Трамп — кун дайжести
13:15 / 26.11.2024
Ливанда оташкесим келишуви, Нетаняҳуга олий жазо сўраган оятуллоҳ ва яҳудий роҳиб ўлимига дахлдор ўзбеклар — кун дайжести
13:52 / 25.11.2024
Ливанда мажбурий кўчганлар, Амирликда ўлдирилган раввин ва Россиядан чўчимаётган АҚШ — кун дайжести
14:38 / 23.11.2024