Жаҳон | 20:41 / 28.11.2024
1614
2 дақиқада ўқилади

Гуржистон ҳукумати 2028 йил охиригача ЕИга қўшилиш бўйича музокара ўтказмаслигини билдирди

Гуржистон Европа Иттифоқининг ҳар қандай бюджет грантларидан ҳам воз кечади, дея маълум қилди мамлакат бош вазири Ираклий Кобахидзе.

Фото: AP

Гуржистон 2028 йил охирига қадар Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокаралардан бош тортмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Ираклий Кобахидзе маълум қилди.

«Биз 2028 йил охирига қадар Европа иттифоқи билан музокараларни бошлаш масаласини кун тартибига қўймаслик бўйича қарор қабул қилдик», — дейди Кобахидзе.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Гуржистон, шунингдек, ЕИ томонидан бериладиган ҳар қандай бюджет грантларидан ҳам воз кечади. Унинг таъкидлашича, 2028 йил охири бу — Гуржистон иқтисодий нуқтайи назардан 2030 йилда ЕИга қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга тайёр бўладиган муддат.

Кобахидзе, шунингдек, Гуржистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатлар икки томонлама экани ҳамда шундай қолишини маълум қилди.

«Биз мағрур ва узоқ тарихга эга, ўзимизни ҳурмат қиладиган халқмиз, шу боис ЕИ интеграциясини Европа Иттифоқи бизга кўрсатиши мумкин бўлган илтифот сифатида кўриб чиқиш мутлақо тўғри келмайди», — дейди бош вазир.

2024 йил июлда Евроиттифоқ Гуржистоннинг блокка қўшилиш жараёнини тўхтатиб қўйган эди. Бу борадаги қарор Гуржистонда «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан кўп ўтмай эълон қилинди. Россия қонунларининг муқобили экани айтилган ушбу қонун «Гуржистон орзуси» ҳукмрон партияси ташаббуси билан қабул қилинган.

26 октябр куни Гуржистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Дастлабки натижаларга кўра, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» етакчилик қилди. Президент Зурабишвили ҳамда мухолифат натижаларни тан олмади. АҚШ Давлат департаменти эса халқаро кузатувчилар хулосаларини текширишга чақирди.

Ноябр бошида овоз бериш махфийлиги бузилганлиги сабабли 30 та сайлов участкасида сайлов натижалари бекор қилинди. Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси 53,9 фоиз овоз олиб, парламент сайловларида расман ғалаба қозонди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид