Ўзбекистон | 10:11
1036
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили 700 мингдан ортиқ кишига ошмоқда

Аҳолининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Фото: Kun.uz

Словакиянинг Hospodárske noviny иқтисодий газетасида "Ўзбекистонда аҳоли сони ошмоқда" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Мақола газетанинг халқаро янгиликлар бўлими бош муҳаррири, 27 октябр куни мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловларида хорижий ОАВ вакили сифатида иштирок этган журналист Павел Новотни томонидан ёзилган. Унда Ўзбекистондаги демографик ривожланиш ҳолати, ёшларга сифатли таълим бериш ва малакали кадрларни тайёрлашга қаратилган ислоҳотлар қаламга олинган.

Муаллиф Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили 700 мингдан ортиқ кишига ортаётганини, аҳолининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини таъкидлаган. Қайд этилишича, ёшларни малакали кадрлар сифатида тарбиялаш Ўзбекистон ҳукуматининг устувор вазифаси ҳисобланади.

"Таълим мамлакат ривожланиши йўлидаги устувор вазифалардан биридир. Ўзбекистон Ҳукумати болаларнинг мактабга мунтазам қатнашишини доимий равишда назорат қилади. Aгар фарзандлари дарсларини қолдирса, ота-оналар жавобгарликка тортилиши мумкин. Бундай қатъий чоралар ўз натижаларини бермоқда. Яъни болаларнинг 98 фоизи мактабга мунтазам қатнайди", – дейилган нашрда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ёшлари учун таълим олишга яратилган имкониятларнинг кенг доираси саноатнинг турли соҳаларида иш олиб бораётган хорижий компаниялар учун ҳам катта имтиёздир. Тошкентнинг ўзида 40 дан ортиқ турли олий таълим муассасалари мавжуд. Жумладан, Халқаро Вестминстер университети, Вебстер университети, Турин политехника университети каби нуфузли жаҳон таълим брендларининг филиаллари фаолият юритаётгани хорижлик инвесторлар учун маҳаллий корхоналарига етарлича малакали ишчи кучини жалб қилиш имконини беради.

Шунингдек, материалда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар инвесторлар оқими кўпайишига катта ҳисса қўшгани урғуланган.

Мавзуга оид