Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурияда исёнчилар Ҳалабдаги Башар Асад армияси ва россиялик ҳарбийларга ҳужум қилди
Бир неча шаҳар ва қишлоқлар эгаллаб олинган. Бу – 2020 йилги сулҳдан буён томонлар ўртасидаги энг йирик тўқнашув.
27 ноябр куни Суриядаги қуролли гуруҳлар Ҳалаб вилоятининг ғарбий қисмида президент Башар Асад режими кучларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлади.
Ҳалаб 2011 йилда Суриядаги фуқаролик уруши бошланганидаёқ ҳукумат қўшинлари ва қуролли мухолифат кучлари ўртасидаги қарама-қаршилик марказига айланганди. Кейинроқ можарога бошқа томонлар ҳам қўшилади: Россия ва Эрон Сурия ҳукумат кучларини, Туркия эса — Асадга мухолифатда бўлган ва мамлакат шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятини назоратига олган гуруҳларни қўллаб-қувватлайди. 2020 йилда Россия ва Туркия иштирокида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув тузилганди.
Шу кунлардаги тўқнашув минтақада сўнгги тўрт йилликдаги энг йирик қуролли можаро бўлмоқда. Юриш бошлангани ҳақида исёнчи гуруҳлардан бири, шунингдек маҳаллий аҳоли вакиллари хабар беришган. Ҳужумга Суриянинг шимоли-ғарбида катта ҳудудни назорат қилаётган ва «Ал-Қоида»нинг Суриядаги собиқ бўлими жангчилари томонидан бошқариладиган «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилик қилмоқда.
Исёнчилар ўз ҳаракатларини Сурия президенти Башар Асад кучлари томонидан йўлланган артиллерия зарбаларига жавоб деб атаган. CNN томонидан келтирилган баёнотда улар 13 та аҳоли яшаш манзилларини, жумладан стратегик аҳамиятга эга Урм-ас-Сугра ва Анжара шаҳарларини, 46-базани (режимнинг ғарбий Ҳалабдаги энг йирик базаси) эгаллаб олгани, шунингдек, ҳукумат кучларига тегишли бўлган қуроллар ҳамда транспорт воситаларини қўлга киритганликларини маълум қилишган.
Ижтимоий тармоқларда гувоҳлар томонидан тасвирга олинган роликлар тарқалган, уларда Ҳалабнинг ғарбий қисмида кўкка кўтарилган тутун устунларини кўриш мумкин. Яна бир видеода исёнчилар қўшини жангчиси Асаднинг портретини йиртиб ташлаётгани акс этган — бу видео Анжарада олинган. Суриядаги давлат нашрлари эса тўқнашувлар ҳақида хабар бермаяпти.
#Syria: portrait of the dictator, Bashar al-Assad, going down in the recently captured town of Anjarah (western #Aleppo). pic.twitter.com/Pqp5M9dfdN
— Thomas van Linge (@ThomasVLinge) November 27, 2024
Исёнчилар баёнотида ҳужум давомида ҳукумат кучларидан 37 киши ҳалок бўлгани ҳақида ҳам гап боради. «Суриядаги инсон ҳуқуқлари обсерваторияси» (унинг офиси Буюк Британияда) мониторинг гуруҳининг сўнгги маълумотларига кўра, Асад режимининг йўқотишлари 54 кишини ташкил этмоқда, исёнчилар томондан эса 99 киши ҳалок бўлган. Бу рақамлар воқеа жойидан янги маълумотлар келиши ҳисобига ўсиши мумкин.
Суриядаги можарони кузатиш билан шуғулланувчи «Оқ каскалар» маълумотига кўра, Асад режими кучлари россиялик ҳарбийлар билан биргаликда Ҳалабдан ғарбда жойлашган Атариб шаҳрига ҳужум қилган. Бунинг натижасида тинч аҳоли вакилларидан 11 киши ҳалок бўлган, жумладан беш бола ва икки аёл, шунингдек турар жой бинолари ва шаҳар бозори жиддий шикастланган.
Attacks by Syrian regime forces and Russia targeted the city of Atarib, west of #Aleppo, its surroundings, and the village of Al-Qasr on Wednesday, November 27.
— The White Helmets (@SyriaCivilDef) November 28, 2024
The attacks injured 11 civilians, including 5 children and 2 women, and caused significant destruction to homes and… pic.twitter.com/Ob0TdoP4g0
Тўқнашув давомида, катта эҳтимол билан Сурия можаросида президент Башар Асад армиясига кўмаклашувчи россиялик ҳарбийлар бўлинмаси жангчилари ҳам ҳалок бўлган. Ҳарбий таҳлилчи Роб Лининг ёзишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратлардан бирида исёнчилар ўлжа қилиб олган қуроллар ва бошқа ҳарбий жиҳозлар россиялик жангчига тегишли бўлган. Исёнчилар олган бошқа бир видеога Toyota Hilux йўлтанламаси тушиб қолган, ундан эса Суриядаги россиялик ҳарбийлар фойдаланади. «Озодлик радиоси» журналисти Марк Крутов бу йўлтанламасга офиси Москва шаҳрида бўлган «Тойота Центр Новорижский» дилерлик марказининг номер рамкаси ўрнатилганига эътибор қаратган.
Туркиядагилар Сурия шимолида мухолифатчи гуруҳ бошлаган юришни диққат билан кузатиб бораётгани ва мамлакатдаги туркиялик ҳарбийлар ўз ҳимояси учун «барча зарур чоралар»ни кўрганини маълум қилган.
Мавзуга оид
14:56 / 26.05.2025
Сурия расмийлари: Асад даврида 8 млн киши кузатув остида бўлган
16:19 / 24.05.2025
АҚШ Молия вазирлиги Сурияга қарши санкциялар юмшатилганини эълон қилди
15:40 / 22.05.2025
Сурия Исроил билан муроса қиладими?
23:00 / 20.05.2025