Жаҳон | 16:29 / 28.11.2024
2207
11 дақиқада ўқилади

Узоқ кутилган ҳуқуқми ёки қалтис йўл? Британиядагилар эвтаназия масаласида баҳслашмоқда

29 ноябр куни Буюк Британия парламенти Англия ва Уэлсда эвтаназияни жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқмоқчи. Ушбу ташаббус кузнинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бирига айланди. Бу масала нафақат вазирлар ва депутатлар орасида, балки молиявий, диний, фалсафий ва ҳатто кундалик ҳаёт даражасида ҳам қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Фото: AFP

Англияда эвтаназияни жорий этишга биринчи уриниш 2014 йилда амалга оширилган, аммо ўшанда қонун лойиҳаси парламентдан ўтмаган. Ўтган ўн йил ичида жамиятнинг бунга муносабати ўзгарди. Октябр ойида ўтказилган ижтимоий сўровда британияликларнинг 67 фоизи эвтаназияни жорий этишни ёқлаган, атиги 13 фоизи бунга қарши, деб ёзади BBC.

Муносиб ўлим ҳуқуқи

Ҳозирда Буюк Британияда ўз жонига қасд қилишга ёрдам сўраб мурожаат этиш тақиқланган. Тиббий кўрсатмаларга асосланган бўлса ҳам, кимнидир ўз жонига қасд қилишга ундаш 14 йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин. Агар шифокор бедаво касалликка чалинган беморнинг ҳаётдан кўз юмишига кўмаклашса, унинг ҳаракатлари умрбод озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши мумкин бўлган қотиллик сифатида баҳоланади.

Қонун лойиҳасининг муаллифи, лейбористлар партиясидан депутат Ким Ледбитер, ушбу лойиҳа эвтаназияни суиистеъмол қилиш ва унга мажбурлашга қарши дунёдаги энг кучли кафолатларни назарда тутишини таъкидлади. У Financial Times газетасига берган интервюсида тиббиёт мутахассислари ва ҳуқуқшунослар билан узоқ маслаҳатлашганини, шунингдек, эвтаназия жорий этилган мамлакатлар ва ҳудудлардаги тажрибани синчковлик билан ўрганиб чиққанини маълум қилди.

Унинг фикрича, қонун лойиҳаси нафақат ўлимга олиб келадиган беморларга ёрдам беришни, балки уларни максимал ҳимоя қилишни ҳам кўзда тутади.

Худди шундай қонун лойиҳалари ҳозир Шотландияда ҳамда Британияга тегишли бўлган Ла-Манш бўғозидаги Жерси оролида тайёрланмоқда.

Эвтаназия либерал сиёсатчилар ва фаоллар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Британия гуманистик ассоциацияси раҳбари Эндрю Копсоннинг фикрича, ҳаётдан кўз юмаётган беморлар учун паллиатив парвариш уларни азоб-уқубатлардан тўлиқ ҳимоя қилолмайди. Шу сабабли, айрим британияликлар эвтаназияга рухсат берилган мамлакатларга боришга мажбур бўлмоқда. Копсоннинг ташкилоти секуляризм, атеизм ва биоэтика соҳасидаги ислоҳотларни тарғиб қилади.

Копсон узоқ ва азобли тарзда ҳаётдан кўз юмган, эвтаназия ҳақида орзу қилган инсонларни мисол қилиб келтиради. “Инсоннинг эркинлигини кенгайтирувчи барча либерал ижтимоий ислоҳотлар ўз даврида баҳсларга сабаб бўлган, аммо улар тўғри бўлиб чиққан”, — деб ёзади фаол.

Қонун лойиҳасини қўллаб-қувватловчи жамоат кампаниясининг юзи сифатида телебошловчи Эстер Рансен хоним ва 38 ёшли мусиқа ўқитувчиси Натаниэл Дай каби давоси йўқ саратон касаллигига чалинган машҳур шахслар танланди. Уларнинг таъкидлашича, касаллик уларга ҳаётни қадрлашни ўргатган, шу билан бирга муносиб ва оғриқсиз вафот этиш ҳуқуқининг муҳимлигини ҳам кўрсатган.

1960 йилларда Британияда абортни қонунийлаштириш меъморларидан бири бўлган Девид Стил ҳам ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. У Sunday Times газетасидаги мақоласида олтмиш йил аввал қонуннинг нафақат эвтаназия ва ҳомилани сунъий равишда тўхтатишни тақиқлаганини, балки “гомосексуаллик” жиноий айблов ҳисобланганини, ажрашишда эса суд фақат эр-хотин хиёнати исботланган тақдирдагина рухсат берганини эслатиб ўтади.

Стил ёзишича, ўша пайтда ҳам бу меъёрларни ўзгартириш парламентда ҳозиргидек жиддий қаршиликка дуч келган, бироқ бугунги кунда улар мутлақ кўпчилик британияликлар томонидан асосий ҳуқуқлар сифатида қабул қилинган.

Ўз жонига қасд қилишга мажбурлашдан хавотирлар

Ўлим олдидаги беморларнинг азоб-уқубатлари паллиатив парвариш орқали енгиллаштирилиши лозим. Эвтаназиянинг қонунийлаштирилиши эса, ўлаётган беморларнинг ўзларини яқинларига оғирлик қилаётгандек ҳис этишлари ва уларнинг ҳаётини енгиллаштириш учун ўлимни танлашлари хавфини туғдиради, дейилади диндорларнинг очиқ хатида. Хат англикан ва православ епископлари, қиролликдаги католик черкови бошлиғи, мусулмон ташкилотлари раҳбарлари, Британиянинг бош раввини, шунингдек, ҳиндуийлар жамоаси ва сикхлар вакиллари томонидан имзоланган.

Давлат дини мақомига эга бўлган Англикан черковининг олий руҳонийси, Кентербери архиепископи Жастин Уэлби ҳам эвтаназияга қарши фикр билдирди. У бошқа масалаларда либерал қарашларни қўллаб-қувватлайди. Архиепископнинг таъкидлашича, эвтаназияни қонунийлаштириш ногиронлар ва кекса ёшдаги инсонларни ўз жонига қасд қилишга ундаб қўйиши мумкин.

Қонун лойиҳасининг муаллифи Ким Ледбитер ва унга маслаҳат берган мутахассислар бу эътирозларни олдиндан ҳисобга олиб, беморларга нисбатан тазйиқнинг олдини олиши керак бўлган бир қатор шартларни белгилаб қўйди. Ҳужжат матнида эвтаназияга рухсат бериш учун қуйидаги талаблар кўрсатилган:

· шахс 18 ёшдан катта бўлиши ва мурожаати вақтида камида бир йилдан буён Англия ёки Уэлсда яшаган бўлиши шарт (бу эвтаназия тақиқланган бошқа давлат фуқароси эвтаназия сўрови билан келиш имкониятини истисно қилади);

· шифокор беморнинг ақли расо, хотираси тиниқ ва мажбурламасдан қарор қабул қилганига гувоҳлик бериши керак;

· тиббий кўрсатмаларда унинг умри олти ойдан кам қолгани кўрсатилиши лозим;

· даволовчи шифокордан ташқари яна иккита шифокор бир-биридан мустақил равишда шундай хулоса бериши керак;

· шундан сўнг ҳар бир ишни Лондон Олий суди кўриб чиқиши керак, у ҳар қандай шифокорни ва беморни сўроқ қилиши ва кейин 14 кун ичида қарор чиқариши мумкин.

· ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, шифокор бемор учун ўлимга олиб борувчи дорини тайёрлаши лозим, бироқ уни юбориш ҳуқуқига эга эмас; эвтаназия сўрови билан мурожаат қилган шахс буни ўзи амалга ошириши керак.

Бироқ бу эҳтиёт чоралари ҳам танқидчиларни қаноатлантирмади. Ҳеч қандай қонуний чора заиф ва кекса инсонни яқинлари томонидан манипуляция қилинишидан тўлиқ ҳимоя қилолмайди. Машҳур лондонлик руҳоний Жайлз Фрейзернинг таъкидлашича, “Болаларингни ўйла” деган сўзлар ёки молиявий қийинчиликларга ишора қилиш ҳам кифоя бўлиши мумкин.

Англия паралимпия терма жамоаси аъзоси ва Лордлар палатаси аъзоси баронесса Тенни Грей-Томпсон BBC’га айтишича, у оғир касал инсонларга нисбатан босим ўтказилиши, шифокорлар эса беморга олти ойдан кўп умри қолмагани ҳақида хато хулоса бериши эҳтимолидан ташвишланмоқда.

Ҳукуматдаги баҳс-мунозаралар

Қонун лойиҳаси муаллифи Ким Ледбитер ҳукмрон Лейбористлар партиясидан бўлса-да, ушбу ташаббус ҳукуматдан келиб чиқмаган. Бош вазир Кир Стармер иккинчи ўқишда албатта овоз беришини таъкидлади, аммо партиядошларига ва умуман жамоатчилик фикрига таъсир ўтказмаслик учун лойиҳани маъқуллаш-маъқулламаслигини ошкор қилмади. Илгари, мухолифат депутати бўлган пайтида, у эвтаназияни қўллаб-қувватлаганди.

Бу сафар Стармер Лейбористлар партияси аъзолари учун эркин овоз бериш ҳуқуқини эълон қилди. Бош вазирнинг айтишича, инсоннинг ўз ихтиёри билан ҳаётдан кетиш ҳуқуқи — бутун партия бўйлаб ягона нуқтаи назарга айланиши шарт бўлмаган масала. Бу ёндашув раҳбариятдан келиб чиқадиган ва депутатлар партия йўналишига қараб овоз бериши керак бўлган ташаббуслардан фарқ қилади.

Лекин ҳатто ҳукуматда ҳам қонун лойиҳаси бўйича якдил фикр йўқ. Таълим вазири Бриджит Филиппсон ва адлия вазири Шабана Маҳмуд қарши. Соғлиқни сақлаш вазири Уэс Стирингнинг таъкидлашича, агар эвтаназия давлат соғлиқни сақлаш тизимининг (NHS) паллиатив ёрдам бўлимларига топширилса, бу муқаррар равишда уларнинг фаолияти самарадорлигининг пасайишига, маблағларнинг қайта тақсимланишига ва шундоқ ҳам ортиқча юкламага эга бўлган тизимга қўшимча босим ўтказилишига олиб келади.

Эвтаназиянинг амалий томони билан боғлиқ қийинчиликлар тиббиёт ходимларининг эътиқодида ҳам бўлиши мумкин. Мисол учун, NHS ходимларининг 10 фоизи мусулмонлар бўлиб, улар диний сабабларга кўра эвтаназияда иштирок этишни қабул қилмайди. Таркибида 4500 га яқин шифокор, ҳамшира ва доялар бўлган Христиан тиббиёт жамиятининг бош директори Марк Пикеринг Guardian газетасига берган интервьюсида, ўзи ва ташкилотнинг кўплаб бошқа аъзолари эвтаназияга қарши эканини маълум қилди. У масъулиятни шунчаки даҳрий шифокорларга юклаш ҳам ахлоқсизлик бўлишини таъкидлади: “Бувимни ўлдирмоқчи эмасман, лекин уни ўлдирадиган одамга жўнатаман десангиз, ахлоқий томондан бу иккаласи бир хил”.

Ҳозирда мухолифатда бўлган Консерватив партияда ҳам депутатлар қандай овоз бериши кераклиги бўйича ягона позиция йўқ. Мамлакатнинг бош давлат хизматчиси, вазирлар маҳкамаси котиби Саймон Кейснинг айтишича, вазирлар ва парламент депутатлари, қайси партияга мансублигидан қатъи назар, қонун лойиҳасини ўзаро муҳокама қилиши керак, аммо мавзунинг ўта нозиклиги сабабли оммавий баёнотларда ўзларини тийиши лозим.

Эвтаназия тўғрисидаги қонун лойиҳаси минтақавий матбуотда ҳам фаол ёритилиб, бу борада маҳаллий аҳоли ўз фикрларини билдирмоқда.

Дунёда эвтаназия ғояси қандай пайдо бўлган?

“Эвтаназия” атамаси XVI асрга тааллуқли бўлса-да, унинг жиддий муҳокамаси фақат XIX аср охирларида бошланган. Узоқ вақт давомида бу ғоянинг ўзи ҳам диний сабабларга кўра, ҳам шифокорнинг беморни ҳаётдан кетишига кўмаклашиши Гиппократ қасамига зид бўлгани туфайли тасаввурга сиғмас эди.

“Мен ҳеч кимга мендан сўралган ўлим воситасини бермайман ва бундай ниятга олиб борувчи йўлни кўрсатмайман”, — деб қайд этилган бундан икки минг йил олдинги ёзувда.

Шунга қарамай, шифокорлар, олимлар, илоҳиётшунослар, файласуфлар ва айниқса Ғарбий Европа мамлакатларидаги беморларнинг ўзлари бу ғояни муҳокама қилди. Улар бир томондан раҳм-шафқат, бошқа томондан эса ҳаёт энг олий қадрият экани ва уни ҳеч ким тортиб олишга ҳаққи йўқлиги ўртасида иккиланиб қолди.

1939 йилда психоанализ асосчиси Зигмунд Фрейд даволаб бўлмайдиган ва азобли саратон касаллигига чалинганида, ўз шифокоридан унга ўлимга олиб борадиган морфий дозасини беришни сўраган. Унинг ҳаётдан кўз юмиши эвтаназия масаласини янада қизғин муҳокама қилишга туртки бўлди.

1933 йилдан 1941 йилгача нацистлар Германиясида Т-4 дастури амалга оширилди. Ушбу дастур оғир руҳий ёки жисмоний касалликларга чалинган болалар ва катта ёшли инсонларни Рейх учун фойдасиз деб ҳисоблаб, стерилизация қилиш ёки ўлдиришга буюрган. Бу дастур натижасида 70 мингга яқин инсон қурбон бўлди, унда ишлаб чиқилган усуллар кейинчалик концентрацион лагерларда кенг қўлланди.

Нацистлар Германияси мағлубиятга учрагандан сўнг, эълон қилинган ҳужжатлар шунчалик даҳшатли эдики, эвтаназия ғояси бир неча ўн йиллар давомида жиддий эсга олинмади.

1994 йилда АҚШнинг Орегон штати дунёда эвтаназияни қонунлаштирган биринчи ҳудуд бўлди. 2002 йилда Нидерландия ва Белгияда, сал кейинроқ эса Швейцария ва Люксембургда эвтаназия жорий этилди. Ҳозирги кунда ҳаётдан кўз юмишга бевосита ёки махсус ҳолларда кўмаклашишга дунёнинг 27 мамлакатида ва АҚШнинг бешта штатида рухсат этилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид