Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитойда қадимги одамлар қолдиқлари топилди. Уларнинг боши анча катта
Бу тур тахминан 200 минг йил олдин қирилиб кетган.
Хитойда илгари номаълум бўлган қадимги одамлар қолдиқлари топилди ва унга Homo juluensis деб ном берилди. Ушбу тур вакиллари замонавий одамлардан ғайритабиий катта бошлари билан фарқ қилган. Кашфиёт ҳақида Маноа шаҳридаги Ҳавай университети антропологи Кристофер Жей Бей ва Хитой Фанлар академияси палеонтологи Сюцзе Ву маълум қилди. Уларнинг мақоласи Nature журналида чоп этилди.
Homo juluensis бош суягининг ҳажми 103-109 куб дюйм (1688-1786 куб сантиметр) атрофида. Таққослаш учун, неандертал одамнинг бош суяги ҳажми 88 куб дюйм (1442 куб сантиметр), Homo sapiens’ники эса 82 куб дюйм (1343 куб сантиметр) ни ташкил этади. Бироқ бу йўқолиб кетган турнинг ҳозирги замон одамлардан ақллироқ бўлганини англатмайди.
Жами 16 та Homo juluensis қолдиқлари топилди. Олимлар уларни неандерталлар ва денисовларнинг тошга айланган қолдиқлари билан таққослади. Маълум бўлишича, Homo juluensis’нинг биринчи тур билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ, лекин иккинчиси билан умумий хусусиятларни ўзида жамлаган. Денисовлар ва Homo juluensis’ларнинг тишлари ўхшаш. Иккала турда ҳам анча йирик озиқ тишлари мавжуд. Мутахассислар, шунингдек, тишларнинг юзаларини таққослаб, озиқ тишларининг юзалари деярли бир хил бўлганини аниқлади.
Бей ва Ву денисовлар мустақил тур эмас, балки Homo juluensis’га тегишли популяция бўлиши мумкин, деган фаразни илгари сурди.
Топилган артефактлар ва ҳайвон суяклари Homo juluensis ёввойи отларни овлаганини кўрсатади. Улар бу ҳайвонларнинг гўшти, илик ва тоғайларини истеъмол қилган, уларнинг терисидан кийим-кечак тайёрлаган.
Тур 300 минг йил аввал бошланган сўнгги тўртламчи даврда шаклланган бўлиши мумкин. Бу давр иқлим ўзгаришлари билан тавсифланиб, улар такрорланувчи музлик даврларини келтириб чиқарган ва қадимги одам турларининг қирилиб кетишига сабаб бўлган.
Денисовларнинг қолдиқлари Денисов ғорида, Тибетдаги Байшия ғорларида ва Лаосдаги Там-Нгу-Хао-2 ғорида топилганди. Уларнинг қолдиғи аниқланган тўртинчи манзил — Эчки ғорига яқинда виртуал саёҳат ташкил этилди. Ғор Олтой ўлкасининг Красношчеково туманида жойлашган. Тарихий ёдгорлик 2020 йилда топилган бўлиб, 2021-2023 йиллар давомида ўрганилди. Топилмалар орасида тош қуроллар, қадимги инсон тиши ва Денисов одами ДНКси мавжуд бўлган тупроқ чўкиндилари бор.
Мавзуга оид
17:43 / 04.04.2025
Хитой Трампнинг чақириғини қабул қилди ва жавоб қайтарди
16:27 / 04.04.2025
Хитой АҚШ товарларига бож тарифларини оширади
17:04 / 03.04.2025
Хитой ва Европа Иттифоқи АҚШ янги бож тарифларига норозилик билдирди
23:16 / 01.04.2025