Ўзбекистон | 16:04
4355
3 дақиқада ўқилади

3 ёшли боланинг қотили 24 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Яшнобод туманида гиёҳвандлик воситалари таъсирида 3 ёшли болани ваҳшийларча пичоқлаб ўлдирган шахс устидан суд якунланди. 31 ёшли шахс 24 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Қотил тайинланган жазонинг дастлабки 4 йилини турмага қамаш тариқасида, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Фото: Kun.uz

29 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида ўзи билан яшаб келган аёлнинг 3 яшар ўғлини ваҳшийларча ўлдирган С.М.га нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда суд Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Ҳукмга кўра, 31 ёшли С.М. Жиноят кодексининг 4 та моддаси билан айбдор деб топилган. Хусусан:

  • 97-модда 2-қисми «в», «ж» бандлари — ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш;
  • 25-модда орқали 97-модданинг 2-қисми «б», «г», «ж», «р» бандлари — ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни, ўз фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахснинг яқин қариндошларини, ўта шафқатсизлик билан, хавфли рецидивист томонидан ўлдиришга суиқасд қилиш (қотил боланинг онасига нисбатан ҳам жиноят содир қилган);
  • 219-модда 2-қисми — фуқаровий бурчини бажараётган шахсни фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш;
  • 251-1-моддаси 3-қисми — гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, .... сақлаш жиноятларини содир этганликда айбли деб топилган.

Судланувчига Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноят кодексининг 50-моддаси 9-қисмига асосан, судланувчи тайинланган жазонинг дастлабки 4 йилини турмага қамаш тариқасида ва қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Фото: Kun.uz

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.

Аввалги суд мажлисларида маълум бўлгандики, қотил 9 июлга ўтар кечаси “Регопен” ва “Тропикамид” дори воситалари ва “Мефедрон” гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилган. Бу моддалар таъсирида ўзи билан бирга яшаб келган, 1994 йилда туғилган аёл Н.Н.ни унинг 2021 йилда туғилган, онасининг бағрига интилган ўғлидан рашк қилган ва болани ухлаётган вақтида ваҳшиёна тарзда (юз қисмидаги тана аъзоларига йиғма пичоқ санчган ҳолда) ўлдирган.

“Ўша куни “глюк”да бўлганман. Воқеани эслай олмайман. Кўп кайф қилиб юборганман”, деганди судланувчи.

Суд экспертизасига кўра, судланувчи ақли расо ва руҳий соғлом деб топилган.

Мавзуга оид