Жаҳон | 14:09
2117
9 дақиқада ўқилади

Қамалда қолаётган Ғазо аҳли, Путиннинг Киевга навбатдаги таҳдиди ва Гуржистондаги тўқнашувлар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

БМТнинг Фаластинлик қочқинлар ва уларга ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқ агентлиги — UNRWA ҳисоботига кўра, Исроил Ғазога озиқ-овқат киришини ҳамон чеклаб келмоқда.

UNRWA ҳисоботига кўра, Исроил Ғазога зарур озиқ-овқатнинг бор-йўғи 6 фоизини киритишга рухсат бермоқда, бу икки миллиондан ортиқ фаластинлик учун жиддий инқироз келтириб чиқармоқда.

Нонвойхоналар ёпилмоқда, озиқ-овқат, ичимлик сув ва тиббий воситалар етишмовчилиги ортиб бормоқда. Давом этаётган қамал, ҳаво ҳужумлари, артиллерия отишмалари, уйларнинг вайрон қилиниши ва қишлоқ хўжалиги ерларининг бузилиши — бугунги Ғазодаги вазиятни яққол акс эттирмоқда. Қаҳатчилик исканжасида қолган фаластинлик оилалар касаллик ва совуқ қиш шароитида тиқилинч қочоқлар лагерларида яшашга мажбур бўлмоқда.

Ғазода фаластинликлар хавфсиз бошпана йўқлиги туфайли чиқиндихоналарда вақтинча чодирлар ўрнатишга ҳам мажбур бўлмоқда.

2023 йил октябрида бошланган можаро натижасида Ғазо аҳолисининг деярли барчаси кўчирилган. Давом этаётган ҳуманитар қамал эса озиқ-овқат, сув ва тиббий воситалар танқислигини янада чуқурлаштириб, бу инқирозни оғирлаштирмоқда.

БМТ амалдаги ҳар қандай чекловларни бекор қилиш ва ҳуманитар йўлакларни очишга чақирмоқда, акс ҳолда, оммавий очарчилик ва азоб-уқубатлар янада кучайиши мумкин.

Исроилда танқидга олинган сулҳ

Исроилнинг ўта ўнг миллатчи вазири Бецалел Смотрич Бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳукумати томонидан Ливан билан имзоланган сулҳни кескин танқид қилди. Унинг фикрига кўра, Исроил сулҳ имзолашга «мажбур қилинган» ва «Ҳизбуллоҳ»ни енга олмаган.

Унинг ултраўнг лагер бўйича ҳаммаслаги Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир эса сулҳ битимига қарши овоз берган ягона ҳукумат аъзоси бўлди. У келишувни «даҳшатли» деб атади. Бен-Гвирга кўра, келишув Ливан билан чегарадош ҳудудлар учун кутилган натижани бермайди.

Радикал сиёсатчи Элияҳу ҳам мазкур келишувга қарши фикр билдириб, унда муҳим шартларнинг, жумладан, «Ҳизбуллоҳ»нинг қуролсизлантирилиши ва буфер зонаси яратиш масалаларининг йўқлигини танқид қилди.

«Биз ҳудудга катта зарар етказдик, бу — яхши. Аммо узоқ муддатли хавфсизликни таъминлаш учун аниқроқ қарорлар қабул қилишимиз керак», — деган Элияҳу. Унинг таъкидлашича, Исроил жанубий Ливаннинг оккупация қилинган ҳудудларини бўшатмаслиги ва қўшинларини бу ердан чиқармаслиги лозим.

Исроилдаги сўз эркинлиги

Исроил ҳукумати Haaretz газетаси билан ҳамкорликни тўхтатиш ҳақида резолюция қабул қилди. Унга кўра, давлат идоралари ва ташкилотлар мазкур нашр билан ҳамкорлик қилмаслиги, унда реклама жойлаштирмаслиги талаб қилинади.

Мазкур резолюцияни таклиф қилган алоқа вазири Шломо Кархи Haaretz нашрини «давлат душманларини қўллаб-қувватлаш»да ва «Исроилнинг дунёдаги қонунийлиги ҳамда ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига путур етказиш»да айблади. 24 ноябр куни Кархи мазкур қарорнинг бир овоздан қўллаб-қувватланганини эълон қилди.

Сўнгги қарор эса Haaretz бош муҳаррири Амос Шокеннинг Лондонда ўтказилган конференцияда Исроил ҳукуматига қарши санкциялар жорий қилишни таклиф этганидан сўнг қабул қилинган. Шокен ўз нутқида, «Исроилнинг ўзи террорчи деб атовчи Фаластин эркинлиги учун курашаётганларга қарши ҳамда яҳудий манзилгоҳларини ҳимоя қилиш учун харажатлари бутун дунёга аён бўлиши керак», дея таъкидлаган.

Haaretz газетаси Исроилдаги энг қадимий ва нуфузли нашрлардан бири бўлиб, у ҳукуматнинг ҳарбий ҳаракатлари ва фаластинликлар билан боғлиқ сиёсатини мудом танқид остига олиб келади.

Газета таҳририяти Нетаняҳунинг ушбу резолюциясини «Демократияни издан чиқаришга қаратилган яна бир қадам», деб баҳолади.

Суриядаги жанглар

Суриядаги президент Башар Асад режимига мухолиф кучлари 28 ноябрь куни Ҳалаб вилоятининг ғарбий қисмларида кенг кўламли ҳужум бошлаб, ҳукумат қўшинларидан 32 та аҳоли пунктини тортиб олган.

Жангарилар жумладан, Урм ул-Қубра, Анжара, Башнатра, Кафр-Басма, Басратун, Ҳаур, Ал-Қосимия, Ажил, Бала ва Ас-Салум қишлоқларини ҳамда 46-база деб номланган ҳарбий объектни эгаллашган.

Бу ҳаракатлар натижасида мухолифат кучлари Ҳалаб шаҳридан тахминан 5 километр масофагача яқинлашиб келишди. Ҳужум давомида мухолифат кучлари оғир ҳарбий техникаларни қўлга киритиб, ҳукумат қўшинларининг ўнлаб аскарларини асирга олди. Улар орасида Асад режимига кўмак бериш учун келган россиялик аскарлар ҳам бор.

Суриядаги фуқаролик уруши 2011 йилда ҳукуматнинг демократик ислоҳотлар талаб қилган намойишларни куч билан бостириши ортидан бошланган эди. Шундан буён мамлакатдаги зиддиятлар давом этмоқда.

Эрон ва АЭХА зиддияти

Теҳрон халқаро даражадаги босимга қарамасдан, Фурду ва Натанз объектларида уран бойитиш қувватларини оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг махфий ҳисоботида келтирилган.

Ҳисоботга кўра, Эрон Фурду ва Натанз объектларига қўшимча 32 та каскад ўрнатишни режалаштирмоқда. Улар ҳар бири 174 центрифугадан иборат. Шунингдек, 1152 та замонавий IR-6 центрифугадан иборат энг йирик каскад ишга туширилади. Ҳозирги пайтда мазкур объектларда 10 мингдан ортиқ центрифуга ишлаб турибди.

Теҳроннинг мазкур ҳаракатлари яқин кунларда Женевада Буюк Британия, Франция ва Германия билан ўтказилиши кутилган музокаралар арафасида амалга оширилмоқда. Бу учрашувда Ғарб билан мулоқотни тиклаш масаласи муҳокама қилинади.

Эрон яқинда АЭХАга уран бойитиш даражасини 60 фоизгача чеклаш таклифини билдирган, бироқ агентлик Теҳронга қарши резолюция қабул қилди. Ҳужжатда Эроннинг агентлик билан ҳамкорлигини кучайтириш талаби илгари сурилган.

Путиннинг янги таҳдидлари

Россия президенти Владимир Путин Россиянинг янги «Орешник» баллистик ракетаси билан Киевдаги «қарор қабул қилиш марказлари»га зарба бериш эҳтимоли борлигини билдирди. Бу баёнот Украина томонидан Россия ҳудудларига ғарб қуроллари билан узоқ масофали ҳужумлар амалга оширилганидан сўнг янгради.

Путин «Орешник» ракетаси нишонни 4000 даражагача қиздириб, уни тўлиқ йўқ қилиш қобилиятига эга эканлиги таъкидлади. У ракета юқори даражада ҳимояланган ва чуқур жойлашган объектларни, яъни бункерларни йўқ қилиш қобилиятига эга эканига урғу берди. Путиннинг сўзларига кўра, гарчи ракета оммавий қирғин қуроли саналмаса-да, кенг кўламда ишлатилганда ядровий қуролга тенг зиён етказиши мумкин.

Ушбу ракета илк марта 21 ноябрда Днепр шаҳридаги «Пивденмаш» заводига қилинган ҳужумда қўлланган эди.

Россия мудофаа вазирлиги ва Бош штаб Украинадаги мақсадли объектларни, жумладан, Киевдаги ҳарбий объектлар, мудофаа саноати корхоналари ёки қарор қабул қилиш марказларини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.

Путин, шунингдек, «Орешник» ракетаси серияли ишлаб чиқарилаётгани ва дунёда унинг муқобиллари йўқлигини таъкидлаган.

Гуржистондаги намойишлар

Гуржистон ҳукумати евроинтеграцияни музлатиш тўғрисида қарор қабул қилгач, мамлакат пойтахти Тбилисида мухолифат норозилик намойиши ўтказди. Намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берди.

Намойишчиларга қарши сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатилди. Ҳукумат митинг қонун доираларидан ташқарига чиққанини таъкидлади.

Намойишчилар парламент олдида баррикадалар қуриб, майдонга қайтишга ҳаракат қилишди. Полиция уларни тарқатишга уриниб, турли воситалар қўллади. Гуржистон Ички ишлар вазирлиги намойишчилар турли нарсалар улоқтириб, уч полиция ходимини жароҳатлаганини маълум қилди.

Гуржистон медиаси кўздан ёш оқизувчи газ ва қалампир газидан жабрланган намойишчилар ҳақида хабар берди. Элене Хоштария каби етакчилар ҳам жароҳатланган. TV Pirveli раҳбарияти оператор Нико Кокая жароҳатланиши учун вазирликни жавобгар, деб атади.

Гуржистондаги ушбу воқеалар намойишчиларнинг норозилиги ва ҳукуматнинг қаттиқ позицияси ўртасидаги зиддиятни кўрсатиб берди. Мамлакатдаги вазият халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида.

Мавзуга оид