Жаҳон | 21:21 / 30.11.2024
4853
3 дақиқада ўқилади

Гуржистон бош вазири норозилик намойишларида европалик сиёсатчилар ва «бешинчи колонна»ни айблади

Ираклий Кобахидзенинг фикрича, «европалик сиёсатчилар ва бюрократлар» мунтазам Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақоми масаласини мамлакатда «жамиятни заифлаштириш, қутблаш ва сунъий равишда бўлиш»да фойдаланмоқда.

Фото: gov.ge

Гуржистонда бўлиб ўтган норозилик намойишларидаги зўравонликлар бўйича масъулият Европа сиёсатчилари ва мухолифатнинг зиммасида, дейди мамлакат бош вазири Ираклий Кобахидзе брифингда.

«Кечаги зўравонлик митинги бўйича асосий масъулият Европадаги тегишли сиёсатчилар ва бюрократлар, маҳаллий агентура, тўртта сиёсий партия сифатида тақдим этилган бешинчи колонна зиммасида», — дейди Кобахидзе.

Унинг фикрича, «европалик сиёсатчилар ва бюрократлар» Гуржистонни «украиналаштиришга» уринмоқда ва мунтазам Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақоми масаласини мамлакатда «жамиятни заифлаштириш, қутблаш ва сунъий равишда бўлиш»да фойдаланяпти.

«Радикаллар ва уларнинг хориждаги хўжайинлари ҳар сафар Гуржистонни украиналаштириш ва вазиятни кескинлаштириш учун янги сабабларни ўйлаб топишга уринмоқда. Улар 2013 йилдаги Украинадан фарқли ўлароқ, Гуржистон кучли институтларга ва энг муҳими, букилмас матонатли тажрибали ҳамда доно халққа эга мустақил давлат эканини англамаяпти. Гуржистонда «майдон» сценарийси рўй бермайди», — дейди бош вазир.

Кобахидзенинг таъкидлашича, 30 ноябр кечаси Тбилисида полиция «мамлакат конституциявий тузумига ҳужум»нинг олдини олган.

28 ва 29 ноябр кунлари Тбилиси ва Гуржистоннинг бошқа шаҳарларида мамлакатнинг евроинтеграция томон ҳаракати тўхтатиб қўйилгани бўйича оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишлар Ираклий Кобахидзе мамлакат 2028 йил охирига қадар Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокаралардан воз кечишини эълон қилгандан сўнг бошланди.

Полиция намойишчиларни «водомёт» ва кўзни ёшлантирувчи газларни қўллаган ҳолда тарқатиб юборди. Маълум қилинишича, полиция акция иштирокчиларига куч ишлатган, уларни калтаклаган. Намойишчилар эса бунга жавобан ҳуқуқ-тартибот ходимларига турли буюмлар ҳамда пиротехника воситаларини отган.

Гуржистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 29 ноябр кунги намойишлар жараёнида 40 киши шифохонага ётқизилган: 36 нафар намойишчи, икки нафар ОАВ ва икки нафар полиция ходими. News Georgia’га кўра, акциянинг юзлаб иштирокчилари жабрланган. ИИВнинг маълум қилишича, намойишчилар билан тўқнашув вақтида идоранинг 10 нафар ходими жароҳат олган, 150 дан ортиқ акция иштирокчиси ушланган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид