Ўзбекистон | 08:31
2938
2 дақиқада ўқилади

Ўзгидромет декабрда қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди

Қишнинг биринчи ойи одатда совуқ ва қорли об-ҳаво билан кузатилади. Ўзгидромет 2024 йилнинг декабрида қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Прогнозларга кўра, ойнинг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳарорат тартиби ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлади. Ҳаво ҳарорати асосан кечалари 3 даража совуқ-2 даража илиқ, кундуз кунлари 3-8 даража илиқ, баъзи жойларда 10 даражагача илиқ, шимолда кечалари 3-8 даража совуқ, кундуз кунлари 2-7 даража илиқ атрофида бўлиши кутилмоқда.

1 декабрда республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, айрим жойларда қорга айланиши мумкин) бўлади. 2 декабрда айрим тоғли ҳудудларда бир оз қор ёғиши кутилмоқда.

Кейинчалик деярли биринчи ўн кунликнинг охиригача (3—8 декабр) Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан қуруқ об-ҳаво кузатилади ва фақат ўн кунлик охирида (9—10 декабр) республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Декабр ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари 0-5 даража совуқдан 2-7 даража илиққача, кундуз кунлари 3-8 даража илиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туради, ой охирида ҳарорат кечалари 5-10 даража совуққача, кундуз кунлари 0-5 даража совуққача пасаяди.

Шимолда ҳарорат кечалари 8-13 даража совуқдан, баъзи жойларда 15-17 даража совуқдан 3 даража совуқ-2 даража илиққача, кундуз кунлари 2 даража совуқ-3 даража илиқдан 3-8 даража илиққача ўзгариб туради.

Мавзуга оид