Президент йиғилишидан кейин Бухородаги учта туман ва бир шаҳарда ҳоким ўзгарди
Қоровулбозор туманини 7 йил бошқарган Акмал Остонов Вобкент тумани ҳокими лавозимига ўтказилди. Когон шаҳри ҳокими Ҳаёт Давлатов фаолиятини Пешку тумани ҳокими сифатида давом эттиради. Когон шаҳрига қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Миршакар Тўрабоев, Қоровулбозорга вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари Ўткир Ҳамроев ҳоким этиб тайинланди.
29 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Бухоро вилоятини ривожлантириш бўйича танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Расмий релизга кўра, унда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги айтилган, инвестицияларни ўзлаштириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасидаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилган.
Вилоятдаги ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва сектор раҳбарларига 6 ой фавқулодда иш тартибига ўтиш топшириғи берилган.
Йиғилишнинг эртасига, 30 ноябр куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов халқ депутатлари Пешку, Вобкент ва Қоровулбозор туманлари ҳамда Қогон шаҳри кенгашларини чақириб, янги ҳокимларни тайинлади.
Пешку туманини 2020 йил декабрдан буён бошқариб келган Ваҳоб Ҳамидович Қаҳҳоров ҳоким лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Ҳаёт Ҳасанович Давлатов тайинланди. Давлатов 2021 йил март ойидан бери Когон шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди.
Ҳаёт Давлатов 1979 йилда Пешку туманида туғилган. 1999 йилда Санкт-Петербург давлат университетини, 2006 йилда Бухоро давлат университетини, 2011 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги – менежмент, иқтисодчи. Иш фаолиятини Бухоро вилояти монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасида оддий назоратчи сифатида бошлаб, Бухоро вилояти ҳокимлиги Иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Бухоро вилояти Қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш консалтинг маркази директори, Бухоро вилояти Инвестиция бош бошқармаси бошлиғи, Бухоро вилояти қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Когон шаҳри ҳокими лавозимига эса Миршакар Музаффарович Тўрабоев тайинланди. У бунгача Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётганди.
Миршакар Тўрабоев 1982 йилда Пешку туманида туғилган. 2023 йилда Бухоро давлат университетини битирган. Мутахассислиги – молия ва иқтисодиёт. Меҳнат фаолиятини Бухоро шаҳар молия бўлими иқтисодчиси сифатида бошлаб, вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. Когон шаҳри ҳокими этиб тайинланишидан олдин Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Вобкент тумани ҳокими вазифасида 2021 йил январидан бери ишлаб келган Фарҳод Умаров соғлиги ёмонлашгани муносабати билан ўз аризасига биноан лавозимидан озод қилинди.
2018 йил февралидан буён Қоровулбозор тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Акмал Анварович Остонов Вобкент тумани ҳокими этиб тайинланди.
Акмал Остонов 2002 йилда Бухоро давлат университети, 2004 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини тамомлаган. 2004-2007 йилларда “Бухороагромашсервистаъминот” ишлаб чиқариш ширкатида ишчи, 2007-2009 ййилларда Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйичи биринчи ўринбосари котибияти референти, етакчи мутахассиси, 2009-2014 йилларда Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари котибияти бош мутахассиси, 2014-2015 йилларда Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари котибияти мудири, 2015–2018 йилларда Бухоро вилояти “Қишлоқхўжаликкимё” ҳудудий АЖ бошқарув раиси лавозимларида ишлаган.
Қоровулбозор тумани ҳокими лавозимига Ўткир Шомаҳмадович Ҳамроев тайинланди. У бунгача вилоят ҳокимлигида масъул лавозимда ишлаётганди.
Ўткир Ҳамроев 1976 йилда Пешку туманида туғилган. 2000 йилда Бухоро давлат университетини, 2011 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган. Мутахассислиги – иқтисодиёт ва давлат бошқаруви. Меҳнат фаолиятини ҳисобчиликдан бошлаб, Пешку тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, вилоят Иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи, вилоят Рақобат бошқармаси ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2021 йилдан бери Бухоро вилояти ҳокимлиги бошқарув аппарати ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Мавзуга оид
10:32 / 14.10.2024
Ошкора қотиллик – Бухорода эркак ҳамманинг кўз ўнгида икки кишини пичоқлади
11:34 / 08.10.2024
Бухорода икки ишчи ток уриши оқибатида ҳалок бўлди
17:54 / 27.09.2024
Пешкуда 35 ёшли аёл туғуруқдан сўнг вафот этди
17:13 / 12.08.2024