Жаҳон | 11:31 / 30.11.2024
1879
3 дақиқада ўқилади

ЕИнинг Гуржистондаги элчиси евроинтеграциядан воз кечилганидан афсусда

Европа Иттифоқининг Гуржистондаги элчиси Павел Герчинскийга кўра, бош вазир Ираклий Кобахидзенинг мамлакатнинг ЕИга интеграциялашувдан бош тортгани ҳақидаги баёноти гуржиларнинг аксарияти иродасига зид келади.

Фото: AP

«Ўйлайманки, бугун биз жаноб Кобахидзенинг (Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе) Гуржистоннинг кейинги 4 йил ичида интеграциялашувидан манфаатдор эмаслиги ҳақидаги баёнотини эшитдик, бу жуда ачинарли», — деди Европа Иттифоқининг Гуржистондаги элчиси Павел Герчинский янги ҳукумат раҳбари Ираклий Кобахидзенинг бир кун аввал Тбилисидаги «Гуржистон орзуси» марказий офисда ўтказилган брифингда баёнотини шарҳлар экан. Герчинскийнинг сўзларини 29 ноябр, жума куни гуржи ва халқаро ОАВ келтирган.

«Мен Европа Иттифоқи Гуржистонга эшикларини очганидан фахрлангандим, биз Гуржистонга ЕИ аъзолигига номзод давлат мақомини бердик ва кечаги воқеа Гуржистоннинг аввалги ҳукумати, барча олдинги ҳукуматлари сиёсатига аниқ зид келади. Гуржистон аҳолисининг катта қисмининг хоҳиш-истакларига зид келади», деди Европа Иттифоқи элчиси.

Шу билан бирга, у Гуржистон мустақил, суверен давлат эканлигини ва «Европа интеграцияси йўлидан боришни хоҳламаслиги Гуржистоннинг ўзига боғлиқ» эканини таъкидлади.

Европарламент Гуржистонда янги сайловлар ўтказишга чақирди

Европарламент Гуржистондаги сайлов натижалари гуржи халқи хоҳиш-иродасини акс эттирмайди деб ҳисоблайди ва уларни тан олмасликка чақиради. Бу 28 ноябр куни қабул қилинган «Яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг Гуржистонда демократия инқирозининг кучайиши ва сайловларда сохталаштирилгани ҳақидаги тахминлар» резолюциясида айтилади. Унинг қабул қилинишига 444 депутат овоз берди, 72 депутат қарши чиқди, 82 депутат бетараф қолди.

«Овоз беришнинг қонунийлиги қонунбузарликлар миқёси билан жиддий равишда бузилганлиги сабабли, халқаро ҳамжамият сайлов натижаларини тан олмаслиги керак», дейилади ҳужжатда «Шунинг учун Европа парламенти парламент сайловларининг ҳар қандай тан олинишини рад этади ва уларни бир йил ичида такроран адолатли ва ошкора ўтказилишини таъминлашга чақиради. Сайлов жараёни мустақил ва холис бўлган такомиллаштирилган сайлов муҳитида, халқаро назорат остида ўтиши керак».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид