Жаҳон | 16:58 / 02.12.2024
1551
2 дақиқада ўқилади

Болтиқбўйи давлатлари Гуржистонда мухолифат акциясини тарқатишда иштирок этганларга санкция жорий этади

Гуржистонда мамлакат ҳукумати ЕИга қўшилиш бўйича музокараларни тўхтатиб қўйганидан кейин норозилик намойишлари бошланган. Полиция намойиш иштирокчиларини «водомёт» ва кўзни ёшлантирувчи газлар билан қувиб солмоқда.

Фото: AP

Латвия, Литва ва Эстония Гуржистондаги мухолифат акциясини куч билан тарқатишга алоқадорларга санкция жорий этади. Бу ҳақда Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Тсахкна ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига ёзиб қолдирди.

«Демократияга қаршилар ва инсон ҳуқуқларини бузувчиларга бизнинг давлатларимизда жой йўқ», — деб ёзади Тсахкна. Шунингдек, у Болтиқбўйи давлатлари санкциялар жорий этиш бўйича қарорни биргаликда қабул қилганликларини қўшимча қилган.

Гуржистонда мамлакат ҳукумати Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни тўхтатиб қўйганидан кейин норозилик намойишлари бошланган. Намойишчилар кетма-кет бир неча кундан бери Тбилиси марказидаги парламент биноси яқинига тўпланмоқда, шунингдек, мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам норозилик акциялари ўтказиляпти. Полиция намойиш иштирокчиларини «водомёт» ва кўзни ёшлантирувчи газлар билан қувиб солмоқда, бир неча киши қўлган олинган.

Намойишчиларни Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили қўллаб-қувватлади. 30 ноябр куни у мамлакатдаги «ягона мустақил, қонуний институт» бўлиб қолишини ва муддати тугашига қарамай, ўз лавозимини тарк этмаслигини маълум қилди.

Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе эса ўз навбатида, норозилик намойишларини «мамлакат конституциявий тузумига ҳужум» деб атаб, уни ташкиллаштиришда европалик сиёсатчилар ҳамда «бешинчи колонна»ни айблади.

1 декабр куни намойишлар фонида АҚШ Гуржистон билан стратегик шериклигини тўхтатишини эълон қилди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид