Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суриядаги жанглар, Украинага Европадан ёрдам ва БРИКСга таҳдид қилган Трамп — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Суриядаги вазият
Сурияда ҳукуматга қарши кучлар муҳим стратегик объектларни эгаллади.
Сурия миллий армияси Ҳалаб яқинида жойлашган Кувайрис ҳарбий аэродромини Асад режими ва курд айирмачиларининг PKK/YPG террорчиларидан озод қилди. Қочиб кетганлар йирик қуроллар, жумладан, Россияда ишлаб чиқарилган «Панцир», «Шилка» каби ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари, «Ураган» ракета тизимлари, L-39 самолёти ва Ми вертолётини қолдириб кетишган.
Асад режимига мухолиф ҳисобланадиган Сурия миллий армияси «Озодлик тажаллиси» операцияси доирасида Тел-Рифъат шаҳрида кучлари марказий майдонгача етиб борди ва шаҳар атрофида террорчиларга қарши жангларни давом эттирмоқда. Ҳудудда террорчилар томонидан ўрнатилган кўплаб миналар ҳам топилган.
Сурия миллий армияси Тел Рифат шаҳри ва унга яқин Минағ ҳарбий аэродромини террорчи гуруҳлардан озод қилди. Бу операциялар давомида Сурия миллий армияси кучлари бир қатор стратегик объектларни ўз назоратига олди.
Минағ аэродроми, Туркия чегарасидан 13 километр узоқликда жойлашган бўлиб, 2016 йилда РКК/YPG террорчи курд айирмачилари томонидан эгалланган эди. Аэродром стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у Россия ва Эрон томонидан ҳам штаб сифатида фойдаланилган. Террорчи ташкилот ушбу аэродромдан «Фурот қалқони» ва «Зайтун шохи» операциялари ҳудудларига ҳужумлар уюштирган.
Сурия миллий армияси Тел-Рифъат шаҳри ва унинг атрофидаги бир қатор қишлоқларни террорчилардан озод қилди.
СМА кучлари Тел-Рифъат шаҳри марказини ҳам назоратга олиб, террорчилар томонидан ҳужумлар учун фойдаланилган Шайла, Радар Шайла ва Найрибия қишлоқларини ҳам тозалашди. 1 декабрь куни СМА 24 та қишлоқ ва Тел-Рифъат туман марказини PKK/YPG террорчиларидан озод қилди.
Айни пайтда, СМА террорчиларнинг Тел-Рифъатдаги қолдиқларига қарши жангларни давом эттирмоқда.
Бу орада, Россия ҳарбий ҳаво кучлари Ҳалаб марказидаги Саъдулла ал-Жобирий майдонига ҳаводан зарба берган. Ҳужумда 9 киши ҳалок бўлгани, жумладан, университет шифохонасига ҳам зарар етгани хабар қилинди.
Сўнгги кунларда Асад режимига қарши қуролли гуруҳлар Ҳалаб ва Идлибда 70 дан ортиқ аҳоли пунктларини қўлга киритди ва Хон Шайхун тумани билан бирга бутун Идлиб вилоятини назоратга олди.
Украинага Европадан ёрдам
Европа Иттифоқи Украинага қўшимча 4,2 миллиард евро миқдорида бюджет ёрдами ажратади. Бу ҳақда Европа Иттифоқи кенгаши раиси Антониу Кошта Киевга илк ташрифи давомида маълум қилди.
«Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши лозим», дея таъкидлаган Кошта Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказилган матбуот анжуманида. У Россиянинг Украинанинг фуқаролик ва энергетика инфратузилмасига ҳужумларини «инсониятга қарши ҳаракатлар» деб атади.
Европа Иттифоқи бу йил Украинага қўшимча 4,2 миллиард евро ажратади ва келгуси йилдан бошлаб ҳар ой 1,5 миллиард евродан молиялаштиришни режалаштирмоқда. Бу маблағлар Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромадлар ҳисобига йўналтирилади.
Кошта, шунингдек, Россияга қарши янги — 15-йиллик санкциялар пакети тайёрланаётганини ва Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишини кутишини маълум қилди.
Зеленский Байдендан ёрдам сўради
Украина президенти Володимир Зеленский Жо Байден маъмуриятига мурожаат қилиб, НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашда ёрдам беришни сўради. Киев бу ҳафта Брюсселда ўтадиган учрашувда НАТОдан расмий таклиф кутишини билдирди.
Зеленский АҚШда маъмурият алмашуви ортидан Россияга қарши урушда Украина манфаатларини кучайтиришга интилаётганини таъкидлади. Унга кўра, Украина фақат бутун ҳудуди қамраб олинган ҳолда НАТОга аъзо бўлиши мумкин.
Россия ва Украина икки томонлама музокараларнинг эҳтимолий ривожини кузатмоқда, чунки ҳар икки томон ҳам ҳарбий ва дипломатик позицияларни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Россия Донбассда янги ҳудудларни эгаллаётган бир пайтда, Украина НАТО аъзолиги орқали хавфсизлик кафолатларини қўлга киритишни мақсад қилмоқда.
Украинага ядровий қурол берилмайди
АҚШ Украинага ядровий қурол қайтаришни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ABC телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
«Биз бу масалани кўриб чиқмаяпмиз. Биз Украинага ўзини ҳимоя қилиш ва Россияга қарши курашиш учун турли кўникмаларни ривожлантиришда ёрдам беряпмиз, аммо ядровий қудрат яратишда эмас», — деган Салливан.
Унинг таъкидлашича, бу баёнот The New York Times газетасининг ноябрь ойида чиққан мақоласига жавоб сифатида айтилган. Мақолада президент Жо Байден ўз лавозимидан кетгунга қадар Украинага қурол беришни режалаштиргани ҳақида маълумот берилганди.
Шунингдек, Салливан Киевнинг Россияга ҳудудий ён бериш ёки бошқа масалалар бўйича қандай ёндошув танлаши тўғрисидаги қарорларини ўзи мустақил ҳал қилиши лозимлигини таъкидлаган.
Гуржистондаги намойишлар
Гуржистонда вазият кескинлашмоқда. Президент Саломе Зурабишвили ўз лавозимини тарк этмаслигини маълум қилди ва янги парламент сайловларини ўтказишни талаб қилди. У ноқонуний парламентнинг янги президентни сайлашга ҳаққи йўқлигини таъкидлади.
Октябр ойидаги парламент сайловларида «Гуржистон орзуси» партияси кўпчилик овоз билан ғалаба қозонди. Бироқ мухолифат ва халқаро кузатувчилар сайлов жараёнида қонунбузарликлар ва маъмурий ресурсларни суиистеъмол қилиш ҳолатларини қайд этган.
Шунингдек, Гуржистон ҳукумати Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини 2028 йилгача тўхтатиб қўйди ва Евроиттифоқнинг бюджет грантларидан воз кечди. Бу қарор мамлакатдаги норозилик намойишларига сабаб бўлди. Тбилиси ва бошқа шаҳарларда намойишлар кучайиб, полиция намойишчиларга нисбатан куч ишлатди.
Европа парламенти Гуржистондаги сайловларнинг натижаларини тан олмади ва янги сайловлар ўтказишни талаб қилди. Шунингдек, Гуржистон бош вазирига нисбатан санкция киритишни тавсия этди.
Трампнинг БРИКСга таҳдиди
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп БРИКС гуруҳи мамлакатларига қарши кескин баёнот билан чиқди. Агар БРИКС ўз долларга муқобил ягона валютасини яратишга ҳаракат қилса, у АҚШ мазкур давлатларга 100 фоизлик тарифлар жорий этишини айтди.
Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида: «Биз БРИКС мамлакатларидан долларни алмаштирадиган ҳар қандай валюта яратмаслик мажбуриятини талаб қиламиз. Агар шундай қилмасалар, Америка бозори улар учун ёпилади», — деб ёзди.
У БРИКСнинг халқаро савдода долларни алмаштириш эҳтимолини кескин рад этди ва бу ҳаракатларни «ноқонуний ва Американинг иқтисодий манфаатларига зид», деб атади.
Шу билан бирга, БРИКСнинг ягона валюта яратиш ғояси ҳозирча амалга ошишдан йироқ экани қайд этилмоқда. Россия президенти Владимир Путин ҳам октябр ойида гуруҳ ҳали бундай қадамга тайёр эмаслигини айтган эди. Россия эса ягона валюта ўрнига миллий валюталарда савдо қилишни ва SWIFT тизимига муқобил электрон тўлов тизими яратишни таклиф қилмоқда.
Яна Сухой Супержет бузилди
Россиянинг «Азимут» авиакомпаниясига тегишли Sukhoi Superjet 100 учоғи 1 декабр куни Минералние Води шаҳри аэропортига мажбурий равишда қўнди. Парвоз аввалида ёқилғи филтри носозлигини кўрсатувчи датчик ишлаб кетгани учун учувчи ортга қайтишга қарор қилган. Экипаж ва йўловчилар жароҳатланмаган.
Бу «Азимут» авиакомпанияси Superjet 100 учоқлари билан бир ҳафта ичида содир бўлган учинчи ҳодиса. 24 ноябр куни бир учоқ Красноярскда гидравлика муаммоси сабабли мажбурий қўнган эди. Шунингдек, 25 ноябрь куни Туркиянинг Анталя шаҳри аэропортида учоқ двигателининг ёнгани сабабли йўловчилар эвакуация қилинган.
Ҳозирги пайтда Superjet 100 учоқлари Франциядан келувчи двигател қисмлари таъминоти тўхтагани сабабли техник хизмат кўрсатишда қийинчиликка дуч келмоқда. Россия тўлиқ импорт ўрнини босувчи двигателлар яратишни бошлаган, аммо уларнинг сертификатлаштирилиши ҳали якунланмаган. Янги двигателларни 2025 йилдан ишлатиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025