Жаҳон | 17:33 / 02.12.2024
1706
2 дақиқада ўқилади

Хитой янги космодромдан янги ракета учирди: миссия қандай ўтди?

Ракета қуйи Ер атрофи орбитасига 12 000 килограммгача юк чиқара олади.

Фото: CNSA

Хитой космик агентлиги (CNSA) “Буюк юриш – 12” ракетаси муваффақиятли учирилгани ҳақида хабар қилди. Юк ташувчи янги ракета керосин ва кислород ёрдамида ишлайди. Парвоз Венчан космодромининг асосий ҳудудига яқин қурилган янги старт майдонидан амалга оширилди. Ушбу мажмуадан тижорий компаниялар ҳам ўз ташувчи ракеталари учун фойдаланиши режалаштирилмоқда.

“Буюк юриш – 12” нинг илк парвозида фойдали юк сифатида алоқа технологияларини синаш учун тажрибавий сунъий йўлдош учирилди. Қурилма ҳақида бошқа маълумотлар ошкор этилмаган. Асосий эътибор ракетанинг ўзига қаратилди. У диаметри 3,8 метр бўлган биринчи Хитой ташувчи ракетасидир. 62 метр келадиган икки поғонали ракета қуйи Ер атрофи орбитасига 12 000 килограммгача, қуёш-синхрон орбитасига эса 6000 килограммгача юк чиқариши мумкин.

Ракетанинг фойдали юк учун мўлжалланган обтекатели (ҳаво қаршилигини камайтиришга ёрдам берувчи қисм) ҳажми катталаштирилган, бу унинг асосий хусусиятларидан бири ҳисобланади. Шу тариқа “Буюк юриш – 12” кўп сонли сунъий йўлдошларни бир вақтнинг ўзида орбитага чиқара олади. Ҳозирда Хитой қуйи орбитада минглаб қурилмаларни жойлаштириш кўзда тутилган бир нечта лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ушбу ракета мазкур вазифаларни бажаришда асосий восита бўлиб хизмат қилади.

Парвозда илк бор YF-100К двигателлари ҳам синаб кўрилди. Ташувчи ракетанинг биринчи поғонасига тўртта шундай қурилма ўрнатилган. Модификацияланган двигателлар Хитойнинг бошқа янги авлод ракеталарида қўлланмоқда.

Мутахассислар янги ракетани “Буюк юриш – 7” билан таққосламоқда. Аммо янги ракета ундан тежамкорроқ ва учиш массаси камроқ бўлиб, фойдали юк учун мўлжалланган обтекател ҳажми ҳам катта.

Эслатиб ўтамиз, “Буюк юриш – 7” дастлаб “Тянгун” орбитал станциясига одамлар иштирокидаги миссиялар ва юк кемаларини учириш учун ишлаб чиқилганди.

Мавзуга оид