Жаҳон | 17:16 / 03.12.2024
1486
3 дақиқада ўқилади

Финландияда Швециядан тортилган интернет-кабелда узилиш содир бўлди. Ҳолат бўйича тергов бошланди

Кабеллар иккита жойидан узилган ва ҳодиса оқибатида Финландиядаги 6 мингга яқин уй хўжалиги жабр кўрган. Швеция томонига эса ҳеч қандай зарар етмаган.

Швеция ва Финландия ўртасидаги иккита оптик толали кабелда узилиш содир бўлди. Бу ҳақда Швециянинг SVT телерадиокомпанияси хабар берди.

Швеция телекоммуникация ва почта бошқармаси (PTS) матбуот котиби Питер Экстедтнинг сўзларига кўра, кабеллар Финландия ҳудудида, Хелсинкидан 3-4 километр узоқликда икки жойидан узилган.

Global Connect телеком-компания вакиллиги Никлас Эсктремнинг маълум қилишича, узилишлардан бири Эспоода, иккинчиси Вихтида юз берган. Носозликлардан бири ҳозирда бартараф этилган, иккинчиси устида иш олиб борилмоқда. Унинг сўзларига кўра, узилишлар сабаб Финландиядаги 6 мингга яқин уй хўжалиги жабр кўрган. Швеция томонига эса ҳеч қандай зарар етмаган.

Швеция фуқаролик мудофааси вазири Карл-Оскар Болиннинг қайд этишича, узилишлар қасддан амалга оширилган бўлиши мумкин. Фин полицияси ҳам жиноят содир этилганидан гумон қилмоқда. Финландия алоқа вазири Лулу Ранненинг маълум қилишича, ҳукумат кабеллар узилиши бўйича тергов олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, 18 ноябр куни Болтиқ денгизи тубидан Финландиядан Германияга ва Швециядан Литвага ўтган кабелларга шикаст етказилгани маълум бўлганди. Германия ва Финландия Ташқи ишлар вазирликлари тергов олиб борилаётгани, бу каби ҳолат «қасддан амалга оширилгани бўйича шубҳа уйғотаётганини» маълум қилди. Литва Бош прокуратураси вакили идора расмий тергов бошлаш бўйича маълумот тўплаётганини билдирди. Кейинроқ Швеция прокуратураси Болтиқ денгизидаги иккита сувости кабелининг шикастланиши билан боғлиқ қўпорувчилик ҳаракати бўйича дастлабки терговни бошлагани маълум бўлди.

Дания Ҳарбий-денгиз кучлари мазкур воқеага алоқадорликда гумонлаб Хитойнинг Yi Peng 3 кемасини тўхтатган. Кейинроқ The Wall Street Journal европалик терговчилар Хитой кемаси капитани қасддан сувости кабелига шикаст етказган бўлиши мумкин деган хулосада экани ҳақида ёзди. Тергов версиясига кўра, кабеллар кема лангарни ташлаб, уни 180 километрдан ортиқ масофага судрагани ортидан шикастланган ва капитан буни пайқамаган бўлиши «эҳтимоли жуда кам».

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид