Жаҳон | 10:10 / 03.12.2024
2104
4 дақиқада ўқилади

Франция ҳукумати истеъфога чиқиши мумкин

Сўл «Янги халқ фронти» коалицияси ва ўта ўнг «Миллий бирлашув» депутатлари Франция бош вазири Мишел Барне кабинетига ишончсизлик вотуми учун овоз бериш ниятида.

Мишель Барнье Фото: Stephane Mahe / Reuters

Францияда 2 декабр, душанба куни мухолифатдаги «Янги халқ фронти» сўл коалицияси депутатлари, шунингдек, ўта ўнг «Миллий бирлашув» партияси вакиллари ҳукуматга ишончсизлик вотуми масаласини миллий парламентда овозга қўйишди

Бу қадамга Франция бош вазири Мишел Барненинг 2025 йилга мўлжалланган ижтимоий суғурта тизими бюджети тўғрисидаги қонунни ҳукумат томонидан таклиф этилган вариантда парламентда муҳокама ва овоз беришсиз тасдиқлаш тўғрисидаги қарори сабаб бўлди. Буни қилиш ҳуқуқи Франция Конституциясининг 49.3-моддасида назарда тутилган махсус тартиб билан берилган. Бироқ, агар бу тартиб қўлланса, миллий парламент депутатлари, ўз навбатида, ҳукуматга ишонч масаласини овозга қўйиш ҳуқуқига эга. Бу овоз бериш чоршанба, 4 декабр куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Францияда ижтимоий суғурта тизими бюджети билан боғлиқ келишмовчиликлар

RFI медиакомпанияси тушунтирганидек, ижтимоий (ва тиббий) суғурта тизимининг бюджети тўғрисидаги қонун давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан биргаликда мамлакат молия сиёсатининг асосини ташкил қилади. «Ҳукумат томонидан режалаштирилган жами 60 (!) миллиард евро миқдоридаги тежаш чора-тадбирлари туфайли иккала бюджет лойиҳаси ҳам шиддатли баҳслар марказида эди», дейилади нашрда.

«Миллий бирлашув» раҳбари Марин Ле Пен 2 декабр куни эрталаб Мишел Барне билан телефон орқали суҳбатда уни режаларидан воз кечишга чақирди, дея хабар беради Франция бош вазирининг идораси. Аввалроқ, Ле Пен партияси босими остида ҳукумат раҳбари аллақачон электр энергияси тарифларини оширишдан бош тортган, шунингдек, қочқинлар учун бепул тиббий хизматлар рўйхатини қисқартиришга рози бўлган эди, деб эслайди Reuters.

Шу билан бирга, Барне Ле Пеннинг январ ойидан бошлаб инфляция учун пенсияларни индексация қилишдан воз кечмаслик ҳақидаги чақириғини рад этди. Бунга жавобан ўта ўнг сиёсатчи: «Французларнинг сабр косаси тўлди!», деди. Унинг қўшимча қилишича, Барне бош вазир сифатида вазиятни яхшилашига умид қилган, бироқ аслида вазият янада ёмонлашган.

Ле Пен Франция ҳукумати истеъфосини қўллаб-қувватлаши мумкин

Ўта ўнг «Миллий бирлашув» партияси етакчиси Марин Ле Пен Франция ҳукумати «қизил чизиқлар»ни кесиб ўтса, унга билдириладиган ишончсизлик вотумини қўллаб-қувватлашини айтди. Бу ҳақда у 25 ноябр куни бош вазир Мишел Барне билан учрашувдан сўнг баёнот берди.

Ле Пеннинг ҳукумат билан асосий келишмовчиликлари ҳозирги кўринишида уни мутлақо қониқтирмайдиган бюджет лойиҳаси бўйича пайдо бўлди. Хусусан, сиёсатчининг сўзларига кўра, у Барне кабинети учун «қизил чизиқ» сифатида электр энергиясига солиқлар ошиши ва давлат пенсиялари ортиши мумкинлигини айтди. Бундан ташқари, Ле Пен Барне билан учрашувда келажакдаги миграция қонунини муҳокама қилди ва уни «жуда нозик» деб танқид қилди.

2024 йил октябр ойида Франция парламентидаги сўл ва ўта сўл партиялар коалицияси Барне ҳукуматига ишончсизлик вотумини овозга қўйган эди. Бироқ, ўшанда Ле Пеннинг «Миллий бирлашув» и овоз беришда бетараф қолди, бу эса вазирлар маҳкамасининг истеъфога чиқишига имкон бермади. Энди у янги сайловлар 2025 йилнинг июнида бўлиб ўтиши мумкинлигини айтди – парламентни аввалроқ тарқатиб юбориш мумкин эмас. Ipsos сўровига кўра, французларнинг 53 фоизи ҳукумат ўзгаришини истайди, бош вазир Барненинг рейтинги эса 36 фоизни ташкил этади.

Мавзуга оид