Жаҳон | 11:02 / 03.12.2024
3288
3 дақиқада ўқилади

Германия канцлери Украинани НАТОга қабул қилиш бўйича ўз позициясини ўзгартирмади

Олаф Шолц Украинани тезда НАТОга қабул қилиш ва Киевга Германиянинг узоқ масофали TAURUS ракеталарини етказиб бериш мумкин, деб ҳисобламайди.

Фото: Украина президенти офиси

Германия канцлери Олаф Шолц Киевга ташрифи чоғида Украинани НАТОга тезда қабул қилиш имконияти ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермади. Шимолий Атлантика алянси аллақачон бу борада қарор қабул қилган, деди 2 декабр, душанба куни Шолц Украина президенти Володимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида. Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш йўли ташкилотнинг Вилнюс ва Вашингтондаги саммитларида тасвирланган ва шунинг учун янги қарорлар қабул қилишга ҳожат йўқ, деди Германия ҳукумати раҳбари. Айни пайтда, 2023 ва 2024 йилларда Вилнюс ва Вашингтонда бўлиб ўтган йиғилишларда, қўшилиш учун аниқ муддат кўрсатилмаган ҳолда, Украина охир-оқибат НАТОга аъзо бўлиши кераклиги тасдиқланди.

Германия канцлери Украинага TAURUS узоқ масофали қанотли ракеталарни етказиб бериш масаласи бўйича ўз позициясини ўзгартирмади. Унинг таъкидлашича, Германия Киевга қурол етказиб берган ва етказиб беради. Хусусан, янги ҳарбий ёрдам пакетига иккита IRIS-T ҳаво мудофаа тизими, ўнта Leopard 1А5 танки, 60 та М84 ва М80 пиёда жанговар машиналари ва зирҳли жанговар машиналари, 6000 та бошқарилмайдиган ва 500 та бошқариладиган ракеталар киради.

Бироқ, Шолц таъкидлашича, баъзи қурол тизимлари учун Берлин уларни етказиб беришнинг тўғрилигига алоҳида баҳо беради. Унинг таъкидлашича, бу нишонга олиш масофаси билан ҳам, нишонга олишни назорат қилиш зарурати билан ҳам боғлиқ.

Шолц ва Зеленский Украина ҳаво мудофаасини муҳокама қилди

Германия канцлери Олаф Шолц ва Украина президенти Володимир Зеленский телефон орқали суҳбатда Украина ҳаво мудофаасини кучайтиришни муҳокама қилди. Суҳбат ҳақида 29 ноябр куни Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Ҳебештрайт маълум қилди.

Зеленский, ўз навбатида, Telegramʼда Шолцга «Украинага ҳаво мудофааси тизимларида ёрдам беришдаги етакчилиги» учун миннатдорчилик билдирганини маълум қилди. Унга кўра, «жуда самарали» Patriot зенит-ракета тизимлари ҳамда қисқа ва ўрта масофали IRIS-T ракеталари аллақачон минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди.

«Мен канцлерга Украинани қўллаб-қувватлашга тайёрлиги, хусусан, бизни Россия агрессиясидан ҳимоя қилишдаги ҳаракатлари учун миннатдорман», — деди Украина раҳбари.

«Россияга босим кучайиши ва Украина позициялари мустаҳкамланиши муҳим, чунки бу Россияни ҳақиқий тинчликка мажбур қилади», — дея фикр билдирди Зеленский.

Шолц «Украина билан қатъий бирдамлигини» тасдиқлади ва Германия Европа ҳамда халқаро ҳамкорлар билан Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этишига ишонтирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид