Жаҳон | 13:19 / 03.12.2024
3507
8 дақиқада ўқилади

Сурияда давом этаётган жанглар, Шолцнинг Киевга ташрифи ва Европада мигрантларга қарши чоралар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Сурияда жанглар авж олмоқда

Ҳалаб шаҳрини қўлга олган исёнчилар жанубга ҳаракатланмоқда. Ҳукумат кучлари эса Асад ҳокимияти остида бўлмаган ҳудудларда Россия авиацияси кўмагида ҳимоя чизиқларини ташкил этмоқда.

SOHR маълумотига кўра, мухолифат қўшинлари Ҳама вилояти яқинидаги қишлоқларга етиб келган. Ҳукумат кучлари эса Тайбат ул-Имом ва Ҳама шимолидаги посёлкаларда мудофаа чизиқларини тикламоқда.

Россия ҳаво ҳужумлари мухолифатнинг Идлиб ва Ҳама ҳудудларига йўналтирилган. Ҳужумлар қочқинлар лагери ва Ҳалабдаги шифохоналарга ҳам йўналтирилган бўлиб, қурбонлар орасида тинч аҳоли ҳам бор.

Асад ҳукумати исёнчиларга қарши ҳужум режасини эълон қилган. Шу билан бирга, БМТ вакиллари можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишга чақирмоқда.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий Суриядаги музокараларни давом эттириш учун Анқарага йўл олган. Анқара эса Асадни у анчадан буён инкор этиб келаётган музокараларга ундаши кутилмоқда.

Шолцнинг Киевга ташрифи

Германия декабр ойида Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам тақдим этади. Бу ҳақда Киевга сўнгги икки ярим йил ичида илк марта ташриф буюрган Германия канцлери Олаф Шолц маълум қилган.

Шолцнинг Зеленский билан учрашувида 650 миллион евро қийматидаги қурол-яроғ етказиб бериш режасини эълон қилишидан бир неча соат ўтиб Германия мудофаа вазирлиги ёрдам IRIS-T ҳаво ҳужумдан ҳимоя тизимлари, Leopard танклари ва дронларни ўз ичига олиши ҳақида баёнот берган.

Ёрдам таркибига қишки жиҳозлар, қўл қуроллари ва иситиш ускуналари ҳам киритилади.

Канцлер Шолц Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан бирга Майдандаги хотира мемориали ва ярадор жангчилардан хабар олиш учун шифохонага ташриф буюрди.

Зеленский ва Шолц Украинада ишлаб чиқарилган ва Германия билан ҳамкорликда яратилган янги дрон намуналарини кўздан кечиришди. Ушбу дронлар Германия компаниялари томонидан ишлаб чиқилган сунъий интеллект асосидаги автоматик нишонга олиш тизимлари билан жиҳозланган. Улардан фойдаланиш имкониятлари ва жанг майдонидаги самарадорлиги намойиш этилди.

АҚШдан Украинага ёрдам

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага қўшимча миллиардлаб долларлик қурол-яроғ етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Бу ташаббус янги президент Доналд Трамп лавозимга киришгандан кейин Украинага нисбатан сиёсатда кескин ўзгаришлар бўлишидан хавотирланган иттифоқчиларнинг ҳаракати сифатида қабул қилинмоқда.

Байден маъмуриятининг баъзи амалдорлари Украина армиясини кенгайтириш ва янги аскарлар тайёрлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чорламоқда. Уларнинг фикрича, Украина ва Россия ўртасидаги қурол тафовути тўлиқ бартараф этилмаган бўлса-да, вазият сезиларли даражада яхшиланган. Бироқ Украина армияси жанг майдонидаги йўқотишларни қоплаш учун етарли аскарларни тайёрламаганлиги танқид қилинмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ расмийлари қисқа муддатли ёрдамнинг бошқа ҳарбий миссияларга таъсир қилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Донецк областида Россия қўшинлари фаолияти кучайган бўлса-да, АҚШ таҳлилчилари Покровск жанубидаги ҳудудларнинг яхши ҳимояланмаганини таъкидламоқда ва Украина ҳарбийлари хавфсизроқ позицияларга чекинишда давом этмоқда.

Reuters маълумотига кўра, АҚШ 725 миллион долларлик қурол-яроғ пакети тайёрламоқда, бу HIMARS тизимлари, дронлар ва пиёдаларга қарши миналарни ўз ичига олади. Байден маъмуриятининг бу ҳаракатлари Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш ва иттифоқчилар хавотирларини камайтиришга қаратилган ўйланган қадам сифатида баҳоланмоқда.

Гуржистонда давомли намойишлар

Гуржистонда, бешинчи кундирки, Европа Иттифоқи билан яқинлашишни талаб қилувчи намойишлар бўлиб ўтмоқда. Тбилиси ва бошқа шаҳарларда ўн минглаб одамлар ҳукуматнинг Европа интеграцияси курсидан воз кечишига қарши чиқди.

Намойишлар давомида полиция кўздан ёш оқизувчи газ, сув пуркагичлар ва тутунли гранаталар ишлатган. Ҳукуматга қарши чиқишлар нафақат пойтахтда, балки Батуми, Кобулети ва бошқа шаҳарларда ҳам кузатилмоқда.

Тбилисида парламент олдида тартибсизликлар ва кескин қўлга олишлар содир бўлди. Намойишчилар пиротехника воситаларидан фойдаланган ва баррикадалар ўрнатган. Полиция парламент атрофини тозалаш учун махсус чораларни қўллади.

Гуржистоннинг етакчи банклари ва компаниялари намойишчиларни қўллаб-қувватлади. Ҳукуматнинг Европа интеграциясини тўхтатиш қарори бир қатор давлат хизматчилари ва дипломатлар томонидан қораланди. АҚШ, Нидерландия ва бошқа давлатлардаги элчилар норозилик сифатида истеъфо берган.

Европада мигрантларга қарши чоралар

Еврокомиссия Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, жумладан, Полша, Италия ва Даниянинг чақириқларига жавобан ноқонуний мигрантларни депортация қилиш қоидаларини кучайтириш бўйича янги директивани тайёрламоқда. Янги қоидалар 2025 йил феврал ойида муҳокама учун тақдим этилиши кутилмоқда.

Қоидаларга кўра, аъзо давлатларга Европа Иттифоқида қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш имконияти берилиши мумкин. Шунингдек, мигрантларни учинчи давлатлардаги махсус «қайта юбориш марказлари»га жўнатиш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти. Бундай марказлар аллақачон Италия ва Албания ўртасидаги келишув асосида фаолият кўрсатмоқда, унга кўра Италия Албанияга ҳар йили 36 минг нафаргача мигрант юбориши мумкин.

Полша октябрда миграция қонунчилигини кучайтириб, Беларус орқали чегарани кесиб ўтганларга бошпана беришни тўхтатган. Шунингдек, Германия, Франция, Дания, Швеция, Австрия, Италия ва Словения чегара назоратини жорий этди. Бу қарорлар Европада миграция оқимидан норозиликнинг ортиши ва ўта ўнг сиёсий кучларнинг оммалашиши фонида қабул қилинган.

50 млн замонавий қуллар

Яқин 30 йил ичида дунёда миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик» шароитига тушиб қолиши мумкин. Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот ва Walk Free жамғармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда 50 миллиондан ортиқ инсон шундай шароитда кун кечирмоқда. Бу жаҳон аҳолисининг 0,6 фоизига тўғри келади.

Замонавий қуллик турларига мажбурий меҳнат, қарздорлик, жинсий эксплуатация, мажбурий никоҳ, одам савдоси, болалар меҳнати ва уларга нисбатан тазйиқлар киради. Ушбу шароитдаги инсонларнинг учдан икки қисми — аёллар ва қизлардир. Шунингдек, 160 миллиондан ортиқ бола оғир меҳнатга жалб қилинган бўлиб, уларнинг катта қисми қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмалар қазиш ва текстил саноатида фаолият юритади.

Иқлим ўзгариши қуллик хавфини кучайтирувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилгача Жанубий Осиё, Лотин Америкаси ва Африкада 216 миллион инсон табиий офатлар сабабли ўз уйларини тарк этиши мумкин. Бу уларни одам савдоси ва қулликка тушиб қолиш хавфи остида қолдиради. Замонавий қулликнинг энг юқори даражаси Жанубий Осиё, Африка ва Хитойда кузатилмоқда. Биргина Ҳиндистонда мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар сони 11 миллиондан ортиқ.

ОИТВнинг давоси топилди

Одам иммунитети танқислиги вирусига қарши укол яратилди. Эмори университети томонидан ўтказилган клиник тадқиқот натижалари буни исботламоқда.

Ярим йилда бир марта қилинадиган Lenacapavir уколи ОИТВнинг олдини олишда 99 фоиз самарадорликни намойиш этди.

Янги дори воситаси кундалик қабул қилинадиган таблеткалар билан таққосланди.

Эски дорилар ҳам таблеткалар гарчи самарали ҳисобланса-да, улар доимий тарзда қабул қилинмаса, таъсири пасаяди. Lenacapavir уколи эса ҳар ярим йилда бир марта қилинади, бу эса дори қабул қилишга мунтазам риоя қилиш муаммосини камайтиради.

Lenacapavir уколини қабул қилган иштирокчиларнинг 99 фоизида иммунитет кўтарилиб, ОИТВ юқтирмаган. Таблеткалар гуруҳида эса вирус юқтириш ҳолатлари юқори бўлган.

Бу препарат ВИЧ билан энг кўп зарарланган аҳоли, жумладан, кам таъминланган ва тиббий ёрдамга қийинчилик билан эришадиган гуруҳлар учун катта имкониятлар яратади. АҚШнинг FDA агентлиги томонидан тасдиқланса, Lenacapavir 2025 йилда савдога чиқиши мумкин. Аммо унинг бир йиллик дозаси нархи 40 минг доллар бўлиши кутилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид