Тбилисидаги намойишларда 220 дан ортиқ киши қўлга олинди
Сўнгги тўрт кун давомида қўлга олинган намойишчилар полицияга бўйсунмаслик ва майда безориликда айбланмоқда. Тартибсизликлар натижасида 113 нафар гуржи полициячи тан жароҳати олди.
Гуржистон пойтахти Тбилисида тўрт кунлик намойишлар давомида 224 киши қўлга олинди, деб хабар қилди Гуржистон Ички ишлар вазирлиги 2 декабр, душанба куни. Қўлга олинганлар полицияга бўйсунмаслик ва майда безориликда айбланмоқда. 36 нафар шахс суд томонидан жаримага тортилган, яна 34 нафар шахс маъмурий қамоққа олинган. Ҳаммаси бўлиб судга 98 киши бўйича материаллар келиб тушган.
Икки намойишчи (2003 ва 2007 йилларда туғилган) жиноий жавобгарликка тортилган. Улар полиция ходимларига ҳужум қилиш ва ўт қўйиш орқали мулкка (шу жумладан, шаҳар мулкига) зарар етказишда айбланмоқда. Айбланувчилар етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Полиция маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 113 нафар полициячи жароҳатланган, улардан тўрт нафари касалхонага ётқизилган. Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, митинг иштирокчилари полиция огоҳлантиришларига қарамай, «бир неча бор провокацион ҳаракатлар содир этган» ва Руставели проспектидаги парламент биноси ва инфратузилмасига зарар етказган.
Тбилисида махсус кучлар намойишчиларга қарши сув пуркагичлардан фойдаланмоқда
Тбилисида тўртинчи кун ҳам давом этган оммавий норозилик намойишларида полиция махсус кучлари парламент биноси яқинида тўпланганларга қарши сув пуркагичлардан фойдаланган. «Руставели проспектидаги вазият таранглигича қолмоқда, махсус кучлар парламент ҳовлиси ички ҳудудидан сув пуркагичларни ишлатишда давом этмоқда, бироқ баъзи намойишчилар жойида қолмоқда», деб ёзади Paper Kartuli.
Шу билан бирга, айрим намойишчилар махсус кучларга қарата тош ва пиротехника воситалари отмоқда, деб ёзади «Эхо Кавказа».
Гуржистоннинг энг йирик банклари Bank of Georgia ва TBC, алоқа операторлари Magti ва Silknet, автомобил дилерлик компанияси Tegeta ва ORBI Group девелопери намойишчилар билан бирдамлик билдирди. Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясининг Европа интеграцияси жараёнини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори Гуржистон Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Конституциявий суд ходимлари ва бошқа давлат хизматчилар томонидан ҳам омма олдида қораланган. Бундан ташқари, Гуржистоннинг АҚШ, Нидерландия, Болгария, Италия ва Литвадаги элчилари норозилик сифатида ўз лавозимларини тарк этгани хабар қилинган.
Мавзуга оид
20:18 / 04.12.2024
Гуржистон полицияси мухолифат партияларининг офисларида тинтув ўтказди
09:10 / 04.12.2024
Гуржистонда полиция парламент биноси яқинида намойишчиларни тарқатмоқда
18:43 / 03.12.2024
Гуржистон Конституциявий суди президентнинг парламент сайлови натижаларини бекор қилиш ҳақидаги даъвосини рад этди
18:09 / 03.12.2024