Жаҳон | 09:11 / 03.12.2024
2517
4 дақиқада ўқилади

ЕИ, АҚШ ва БМТ Сурияда кескинликни юмшатишга чақирмоқда

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда Сурияда 16,7 миллион киши гуманитар ёрдамга муҳтож бўлади. Европа Иттифоқи, АҚШ ва БМТ можаро зонасида тинч аҳолини ҳимоя қилишга ва халқаро гуманитар қонунларга риоя қилишга чақирмоқда.

Фото: EPA

Европа Иттифоқи Суриядаги фуқаролар урушининг янги кучайиши ва ҳукумат қўшинларининг исёнчилар томонидан Ҳалабдан чиқариб юборилиши фонида вазиятни юмшатиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирди. «Европа Иттифоқи Суриядаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бормоқда. Биз барча томонларни кескинликни пасайтиришга, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилишни, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ инсонпарварлик ёрдамига тўсиқсиз киришни таъминлашга чақирамиз», — дейди ЕИ дипломатик хизмати 2 декабр, душанба куни ўз веб-сайтида эълон қилган баёнотда.

Бундан ташқари, ҳужжатда айтилишича, Европа Иттифоқи Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлаётган Россия томонидан аҳоли зич жойлашган ҳудудларга уюштирилган ҳаво ҳужумларини қоралайди. «Сўнгги кескинлашув яна бир бор можаро БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-резолюциясига мувофиқ Суриянинг ўз сиёсий ечимига муҳтожлигини кўрсатади», — дейилади баёнотда. 2015 йилда қабул қилинган ушбу резолюцияда Суриядаги можаро «сурияликларнинг ўзлари фаол иштирокида» ҳал этилиши ва «Сурия келажагини Сурия халқининг ўзи белгилаши» таъкидланган.

Пентагон матбуот котиби Пэт Райдер 2 декабр куни брифингда худди шундай позицияда гапирди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Мудофаа вазирлиги Суриядаги воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда, бу ерда АҚШда террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» радикал гуруҳи жангарилари ва Сурия миллий армияси бўлинмалари ҳукумат қўшинларига ҳужум қилмоқда. «Минтақадаги тинч аҳоли ва озчилик гуруҳларига катта зарар етказиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, Қўшма Штатлар бошқа иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан биргаликда кескинликни пасайтиришга чақирмоқда», деди Райдер.

2 декабр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти веб-сайтида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Сурия шимоли-ғарбида зўравонликларнинг кескин кучайиб бораётганидан хавотир билдирди ва ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, БМТ томонидан осонлаштирилган сиёсий жараёнга қайтишга чақирди.

Суриялик исёнчилар катта ҳужум бошлади

Суриянинг «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) гуруҳи жангарилари ва уларнинг бошқа гуруҳлардаги иттифоқчилари бир кун аввал бошланган ҳужум давомида 28 ноябр куни Ҳалаб вилоятида бир қатор муҳим позицияларни эгаллаб олди. ҲТШ радикал гуруҳ бўлиб, аввал «Ал-Қоида»нинг Суриядаги бўлими бўлган «Жабҳат ан-Нусра»дан ажралиб чиққан. Гуруҳ кўплаб мамлакатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси (SOHR) маълумотларига кўра, жангларда 121 жангари ва ҳукуматга қарашли Сурия араб армиясидан (САА) 61 аскар ҳалок бўлган. Тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонлар бор. Қайд этилишича, ҳужумчилар қурол-яроғ омборлари ва зирҳли машиналарни эгаллаб олган.

Reuters агентлиги ҳукумат армиясидаги манбага таяниб хабар беришича, жангарилар Ҳалаб шаҳри чеккасидан 10 км, Нубла ва Заҳродан бир неча километр узоқликда жойлашган — улар асосан шиалар яшайдиган икки шаҳар бўлиб, у ерда Эрон томонидан қўллаб-қувватланган «Ҳизбуллоҳ» Ливан ҳаракати кучлари жойлашган. Жангарилар Ҳалаб шарқидаги Найраб авиабазасига ҳам ҳужум қилган. АР ахборот агентлиги хабарига кўра, улар Ҳалабни Дамашқ билан боғловчи муҳим М5 магистралини тўсиб қўйишга муваффақ бўлишган. Туркиянинг Anadolu агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, 28 ноябрга қадар жангарилар 32 та аҳоли пунктидан САА бўлинмаларини сиқиб чиқаришга ва умумий майдони 245 квадрат километр бўлган ҳудудни эгаллашга муваффақ бўлишган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид