Спорт | 23:23 / 04.12.2024
6807
1 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов FIE президентлигига сайланганидан бир оз вақт ўтиб, лавозимини тарк этди

30 ноябр куни Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбарлиги учун сайловларда ғалаба қозонган россиялик тадбиркор Алишер Усмонов «федерация самарали ишлашини таъминлаш мақсадида» шундай қарор қабул қилган.

Фото: FIE

Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов ўз ихтиёри билан Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) президенти лавозимидаги фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда FIE сайтида сўз боради.

«FIE Ижроия қўмитаси Усмоновнинг ўз хоҳиши билан федерация самарали ишлашини таъминлаш мақсадида FIE президенти сифатида ваколатлари ва мажбуриятларини бажаришни тўхтатиш борасидаги қароридан хабардор қилинди. Ижроия қўмита FIE’нинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш мақсадида Усмоновнинг қарорини қабул қилди ва ратификация қилди. Эммануэл Катсиадакис федерациянинг вақтинча раҳбари этиб тайинланди», — дейилади хабарда.

Ижроия қўмита қарори FIE конгрессига ратификация учун тақдим этилади.

Алишер Усмонов 30 ноябр куни швециялик Отто Дракенбергни ортда қолдириб, FIE раҳбари этиб сайланганди. 71 ёшли тадбиркор 2008 йилдан 2022 йилгача FIE раҳбари бўлган. Украинадаги уруш бошлангач, ўзига нисбатан жорий қилинган санкциялар ортидан ушбу лавозимни тарк этган эди.

Мавзуга оид