Жаҳон | 20:44 / 04.12.2024
1490
3 дақиқада ўқилади

НАТО дронлар флотини тузиш ниятида экани маълум бўлди

Шимолий Атлантика алянси Болтиқ ва Ўрта Ер денгизларида муҳим сувости инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган ўзининг экипажсиз бошқариладиган кемалар флотини тузишни бошлади.

Фото: US Navy

Шимолий Атлантика алянси Болтиқ ва Ўрта Ер денгизларида муҳим сувости инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган ўзининг экипажсиз бошқариладиган кемалар флотини тузишни бошлади. Бу ҳақда блокнинг бирлашган Қуролли кучлар трансформацияси бўйича олий бош қўмондони адмирал Пер Вандега таяниб, Defence News хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, экипажсиз бошқариладиган флотни тузиш зарурати охирги йилда Европа сувларида бир нечта сувости кабелларига шикаст етказилганидан кейин пайдо бўлган. Бир неча ҳафта олдин содир бўлган иккита ҳолатдан кейин НАТО олий раҳбарияти сув юзаси ва унинг остидаги вазиятни мунтазам кузатиб борадиган тизимни яратиш устида ўйлай бошлаган.

Ванде ушбу ташаббусни жиноятларни қайд этиш учун ҳудудларга ўрнатиладиган кўча кузатув камералари билан қиёслади. «Мавжуд технология бундай тизимни экипажсиз бошқариладиган кемалардан фойдаланган ҳолда жорий этиш имконини беради», — дейди адмирал.

Унинг таъкидлашича, дронлар флоти лойиҳаси ҳозирда дастлабки босқичда. Аввалига тизим сув юзасидаги маконни мониторинг қилади, кейинчалик сув остини ҳам кузатиш имкониятига эга бўлади. Ташаббус НАТО денгиз кучлари марказий қўмондонлиги ҳамда алянс тезкор штаби томонидан маъқулланган ва қўллаб-қувватланган.

«Аслида, бу каби лойиҳа аллақачон мавжуд, шунинг учун хавфлар минималдир. АҚШ бир неча йилдан бери Форс кўрфазида 59-тезкор гуруҳдан фойдаланиб келади, шу боис барча технология мавжуд. Бу ерда масала янги технологияларни қўллашдан кўра, уларни мослаштириш ҳақида кетмоқда», — дейди Ванде.

59-тезкор гуруҳ 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Бешинчи флоти учун экипажсиз тизимлар ва сунъий интеллект интеграцияси билан шуғулланади. Маълумотларга кўра, АҚШ бу турдаги 23 дан ортиқ экипажсиз бошқариладиган тизимларни синовдан ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, 18 ноябр куни Болтиқ денгизи тубидан Финландиядан Германияга ва Швециядан Литвага ўтган кабелларга шикаст етказилгани маълум бўлганди. Германия ва Финландия Ташқи ишлар вазирликлари тергов олиб борилаётгани, бу каби ҳолат «қасддан амалга оширилгани бўйича шубҳа уйғотаётганини» маълум қилди. Литва Бош прокуратураси вакили идора расмий тергов бошлаш бўйича маълумот тўплаётганини билдирди. Кейинроқ Швеция прокуратураси Болтиқ денгизидаги иккита сувости кабелининг шикастланиши билан боғлиқ қўпорувчилик ҳаракати бўйича дастлабки терговни бошлагани маълум бўлди.

Мавзуга оид