Ўзбекистон | 19:18 / 04.12.2024
25397
3 дақиқада ўқилади

Президент маслаҳатчилари таркибида ўзгаришлар амалга оширилди. Русланбек Давлетовнинг лавозими ўзгарди

ДХХ собиқ раиси Абдусалом Азизов унга ўринбосар бўлди.

Фото: Kun.uz

Русланбек Қуролтайевич Давлетов Ўзбекистон президентининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У шу муносабат билан Ўзбекистон президентининг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.

Русланбек Давлетов 2017 йилдан Ўзбекистон Адлия вазирлигини бошқарган, 2022 йил ноябрида президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилганди.

Президент матбуот хизмати хабар беришича, ДХХ собиқ раиси Абдусалом Абдумавлонович Азизов Давлетовнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган.

Азизов 2017 йил январ–сентябр ойларида ички ишлар вазири, 2017 йил сентябрдан 2019 йил февралгача мудофаа вазири лавозимларида фаолият юритган, шундан кейин беш йил давомида Давлат хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган, 2024 йил ноябр ойи охирида Комил Алламжоновга суиқасд бўйича иш доирасида ишдан олинганди.

Сухроб Жўрақулович Юсупов ҳам Ўзбекистон президентининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. У шу муносабат билан Ўзбекистон президентининг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Адҳам Муратович Турдиев Ўзбекистон президентининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. У бунгача Ўзбекистон президенти администрацияси шуъбаси мудири лавозимида ишлаётганди.

Юсупов ва Турдиев муқаддам Адлия вазирлиги тизимида турли лавозимларда ишлаган.

Шунингдек, Музаффар Муротович Комилов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.

Музаффар Комилов илгари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида бошқарма бошлиғи, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетларида проректор лавозимларида фаолият юритган. 2018 йил 18 апрелда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. 2022 йил февралида Шоазим Миноваров ўрнига Ўзбекистон президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтганди.

Олим Адилович Салиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Мавзуга оид